Тошкентда Silk Road Finance and Technology халқаро форуми ўз ишини бошлади. Уч кун давом этадиган форумда молия бозори, финтеч, рақамли тўловлар, сунъий интеллект, рақамли активлар ва молиявий технологиялар келажагига оид масалалар муҳокама қилинади. Марказий банк департамент директори Равшан Қодировнинг Kun.uzга айтишича, Марказий банк бир йилдан ортиқроқ вақтдан бери рақамли сўм юзасидан тадқиқот олиб борган.

Silk Road Finance and Technology форуми 24 август куни Тошкентдаги CАЕХ мажмуасида ўз ишини бошлади. Тадбирда Марказий Осиё ва бошқа минтақалардан регуляторлар, молия институтлари, технологик компаниялар, стартаплар ва инвесторлар иштирок этмоқда.

Форумда янграётган энг қизиқарли тезислардан бири CBDC, яъни Марказий банкнинг рақамли валютасини ишлаб чиқиш ғояси бўлди. Форум доирасида консептуал ҳужжат ишлаб чиқилади. Унда рақамли валютага оид масалалар, жумладан, унинг дизайни, ишлатиш усуллари ва йўналишлари қамраб олиниши айтилди. Марказий банк департамент директори Равшан Қодиров Kun.uzга берган интервюсида рақамли валюта ғояси ҳақида гапирди.

“Аввало, рақамли валютанинг бизнинг рақамли иқтисодиётни ривожлантиришимизга ҳисса қўшиши борасида муқобил ечимларни ўрганамиз”

Ҳозирги кунда чет эл давлатларининг Марказий банклари рақамли валютаси устида иш олиб боряпти. Шунинг учун биз ҳам ўзимизга шу нарсани мақсад қилиб қўйганмиз. Биз, аввало, бир йил мобайнида тадқиқот ўтказдик. Форум доирасида Whoie paper (консептуал ҳужжат) эълон қиламиз, бу бизнинг тадқиқотимиз натижалари бўлади.

Рақамли сўм бизнинг рақамли иқтисодиётимизга ўз ҳиссасини янада инновацион ёндашувларга эга бўлиш нуқтайи назаридан қандай қилиб қўша олади? Иқтисодиётнинг шаффофлашишига ва, албатта, рақобатнинг ривожланишига қандай ҳисса қўшади — шу каби саволларга жавоб беради бу ҳужжат.

Шунинг учун биз ҳозир ўша тадқиқотимиз доирасида Марказий банкнинг рақамли валютасини ўрганиш бўйича Cambridge, Agora ва яна бир нечта глобал лойиҳаларда иштирок этяпмиз. Етакчи давлатларнинг Марказий банклари бу лойиҳаларда қатнашади. Шулар қатори биз ҳам ҳозир шу тадқиқот фазасидамиз, яъни, биринчи навбатда, бунинг устида ишлаб, тадқиқот ўтказиб, ўрганиб ва ўша Марказий банкнинг рақамли валютаси бизнинг рақамли иқтисодиётимизни ривожлантиришга ҳисса қўшиши нуқтайи назаридан энг муқобил ечимларини ўрганиб чиққан ҳолда, кейинги қадамларимизни белгилашимиз назарда тутилган.

“Рақамли валюта тўловларни тез ва шаффоф ўтказишда ёрдам беради”

Менимча, иқтисодиётга энг муҳим таъсири рақамли валютанинг, бу авваламбор, шаффофликни оширишидир. Яъни, тўлов тизимлари ҳозирги кунда Ўзбекистонда жуда ҳам тезкор ривожланиб боряпти. Лекин Марказий банкнинг рақамли валютаси нафақат маҳаллий тўловларни ўтказишда, балки трансчегаравий тўловларни ўтказишда ва  қўшни давлатлар билан турли савдо амалиётларимизни ўтказишда жуда ҳам катта ҳиссаси қўшaди.

У тўловларни тез ва шаффоф ўтказишда, бунинг ортидан эса тадбиркорлар, кичик, катта ва ўрта бизнесларнинг қўшни давлатлар ҳамда бошқа чет эл давлатлари билан иқтисодий аҳамиятга эга бўлган алоқаларни ўрнатишида, ҳисоб-китобларда жуда ҳам катта қулайлик яратади, деб ўйлайман. Ҳозирги кунда тўлов тизимлари ҳақиқатдан жуда ҳам ривожланган. Буни маҳаллий тўловлар бўладими, трансчегаравий тўловлар бўладими, шундан ҳам кўриш мумкин. Лекин рақамли сўмнинг энг катта аҳамияти ва устунлиги — яъни, ақлли пул, smart money яъни, программалаштириладиган ва дастурлаштириладиган пул эканидир.

Яъни, у пулнинг қаерга сарфланганлиги ва қандай қилиб бир сония, дақиқаларда бир тўлов ўтказувчидан иккинчисига етиб боришининг шаффофлиги — мана шу нуқтайи назардан рақамли сўм ва умуман рақамли валюта ҳозир жуда муҳим аҳамият касб этяпти. Сабаби, унинг ўша шаффофлик даражасини белгилаб турувчи дастурлаш мумкин бўлган имконияти асосий устунлиги ҳисобланади.

Стейблкоин борасида Марказий банк позицияси

Биз Марказий банкнинг рақамли валютасини тадқиқ қилиш устида ишлаётганимиз бежиз эмас. Тўлов тизимларининг ривожланиб бораётгани, Марказий банкнинг рақамли валютаси ва яна бир қўшимча стейблкоин лар масаласи ҳам бор.

Шунинг учун ҳозирги кунда молиявий технология инновацияси жуда жадал ривожланиб бораётганлиги туфайли, бизда жуда ҳам кўп танловлар бор. Мана шу танловлар ичида қайси бири ҳозирги Ўзбекистоннинг рақамли иқтисодиётини ривожлантириш доирасида энг муқобил ҳисобланишини аниқлаш учун ҳам биз жуда ҳам чуқур, шошмасдан тадқиқотлар ўтказиб, энг муқобил танловга ўзимиз амин бўлганимиздан кейин ўша йўналишда юрамиз.

Ҳозирча стейблкоин, тўлов тизимларини ривожлантириш, Марказий банкнинг рақамли валютаси — ҳар бир йўналиш бўйича тадқиқотларни олиб боряпмиз. Ҳар бир йўналишнинг ўзига яраша камчиликлари, афзалликлари ва устунликларини чуқур таҳлил қилган ҳолда, кейинчалик бу нарсани босқичма-босқич жорий қилиш режаларимиз бор.

Аслида, рақамли валюта — битта опсия, стейблкоин  — яна битта опсия. Стейблкоиннинг кейин таъминланган, таъминланмаган турлари бор. Буларнинг ҳаммасини моҳиятан қандай деб тушунтирса бўлади, осонроқ? Буларнинг ҳаммаси моҳиятан пул ўтказмасининг бир опсияси-да. Лекин ҳаммаси турлича, бир-биридан фарқ қилади.

Мисол учун,  programmable money дейди, smart money, бу ўша CBDC қаторига киради. Стейблкоиннинг ҳам шунақа функцияси бор. Лекин шу билан биргаликда ҳар биттасининг ўзига яраша камчилиги ҳам бор-да.

Шунинг учун биз чуқурроқ тадқиқот қиляпмиз. Биз ҳозир бу форум доирасида Марказий банкнинг рақамли валютасини аниқ чиқарамиз, деб айтмаётганлигимизнинг сабаби ҳам ўзи шу. Чунки жуда кўп Марказий банклар бу нарсани тадқиқот қилиб, шунақанги хулосага келдики, бир нечта Марказий банклар бундай тадқиқот лойиҳаларини тўхтатиб ҳам қўйишди.

Сабаби, ўз иқтисодиётининг ривожланишини инобатга олган ҳолда, биз учун Марказий банкнинг рақамли валютаси энг муқобил ечим эмас экан, деган хулосалар ҳам бўлди.

Инновацион хаб ва венчур фондларни ташкил этиш

Сингапур давлати билан биз ҳозир Марказий банкда финтеч офисини ташкил этишдан тортиб, миллий финтеч стратегиямизни ишлаб чиқиш, инновацион хаб ва венчур фондларни ташкил этиш бўйича жуда ҳам ҳамкорликда ишлаяпмиз.

Сингапур ва Хитой каби давлатларнинг йирик молия ташкилотлари раҳбарлари форумда иштирок этяпти. Шу давлатларнинг тажрибасидан келиб чиқиб, уларнинг амалиётга қўллаган ечимларидан фойдаланиб, мана шундай форумларни ташкил этиш ва молиявий технологиялар соҳасининг нафақат Ўзбекистонда, балки умуман Марказий Осиёда ривожланишига ҳисса қўшишга умид қиламиз.