Тошкент шаҳридаги “Credit House” ҳамда “In Fin Strоy Invest” МЧЖ мансабдорларига нисбатан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Қурувчи фирмалардан уй олиб, узоқ муддатга бўлиб тўлаш шарти билан харидорларга сотиб келган ушбу воситачи фирмалар одамларнинг тўлов пулини ўзлаштирган бўлиши мумкин. Kun.uz’га мурожаат қилган жабрланувчилар ҳам уйдан, ҳам пулидан айрилиб қолишдан хавотирдалигини билдиришмоқда.

Тошкент шаҳридаги “Credit House” ва “In Fin Strоy Invest” МЧЖ мансабдорлари терговга тортилди. Kun.uz’га мурожаат қилган бир гуруҳ жабрланувчилар муаммо кўлами жуда катта эканини айтмоқда.

Биз 2024 йил 8 феврал куни “Credit House” билан ўзаро олди-сотди асосида шартнома туздик. Биринчи тўловга 100 млн сўм тўладик. График бўйича айтилган суммани шу ойгача ҳеч қолдирмасдан тўлаб келдик. Уй битаётганини кўриш мақсадида объектга борганимизда қурилиш фирмаси раҳбари “Credit House” билан низо келиб чиққанини ва суд бўлаётганини айтди. Сабабини сўрасак, график бўйича фирмага пул тўламаган экан. Яъни инвестицион шартномага амал қилишмаган.

Ўзимиз тўлаган пулни қурувчи фирмага ўтказиб беришсин, ортиқчаси керак эмас. Биз кейин улар билан ишлаб кетиш тарафдоримиз, буларга ишонч қолмади”, дейди мурожаатчилардан бири Мадалибек Ҳакимов.

“Credit House” масъуллари харидорларга масала ҳал этилишини, фақат бироз муддат кераклигини билдириб, ваъда бермоқда. Аммо ушбу фирмага тўлаган пули қурилиш фирмасига “етиб бормаган” жабрланувчилар бу ваъдаларга ишонмаяпти.

Жумладан, Навоий вилоятининг Зарафшон шаҳридан келган жабрланувчи бошланғич тўловни кредит олиб тўлаганини маълум қилди.

Зарафшон шаҳридан келдим. 2024 йил 9 июл куни шартнома имзолагандик. Бошланғич тўловга 80 млн сўм кредит олиб қўйгандим. Ҳозир унгаям 4 млн сўмдан тўлаб юрибман. Шартнома шартларини бузишди. 129 ойга 3 млн 531 мингдан кетиши керак эди.

Ҳозир қурилиш фирмаси куз ойида битади, ипотека қилиб берамиз деяпти. Лекин шундай бўлса, белгиланган суммадан ошиб кетади. Шу пайтгача 105 млн сўм тўладим, шуни қайтарсин, чарчадик”, дейди навоийлик ўқитувчи Абдували Нарзиев.

Kun.uz ҳолат бўйича “Credit House” раҳбари Клара Толиповадан изоҳ олди. Унинг таъкидлашича, муаммонинг келиб чиқишига фирма иккиламчи бозорга вақтли ўтгани сабаб бўлган.