Ўзбекистон | 09:56 / 21.02.2025
11898
2 дақиқада ўқилади

Фарғонада Nexia-3 поезд тагида қолиб кетди

Охунбобоев ва Марғилон бекатлари оралиғида Nexia-3 русумли енгил автомобил ҳаракатланиб келаётган поезд тагида қолган.

Фото: Ўзбекистон темирйўллари

Ижтимоий тармоқларда 19 феврал куни кечки пайт Фарғона вилоятида юз берган бахтсиз ҳодиса муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. "Ўзбекистон темирйўллари" ҳолат бўйича расмий маълумот берди.

19 феврал куни тахминан соат 22:30 да Охунбобоев ва Марғилон бекатлари оралиғида Nexia-3 русумли енгил автомобил ҳаракатланиб келаётган поезд тагида қолган. Дастлабки маълумотларга қараганда, ҳайдовчи йўл ҳаракати қоидаларини бузиб, поездни «илон изи» усулида айланиб ўтишга уринган.

Ҳодиса содир бўлган жойга транспортда хавфсизликни таъминлаш хизмати ходимлари ва темирйўл мутахассислари дарҳол етиб келишган ва воқеа тафсилотларини кўздан кечиришган. Енгил автомобил ҳайдовчиси турли тан жароҳатлари билан шифохонага ётқизилган бўлиб, ҳозирда унинг аҳволи аниқланмоқда.

Ҳозирча ҳодисанинг батафсил тафсилотлари ўрганиб чиқилмоқда.

«Ўзбекистон темирйўллари» ҳайдовчиларни темирйўл кесишмаларида эҳтиёткор бўлишга ва келажакда бундай ҳолатларга учрамаслик учун йўл ҳаракати қоидаларига қатъий риоя қилишга чақирди.

Мавзуга оид