Вазирлар Маҳкамасининг тегишли баёнига мувофиқ, 8 март — Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан 3-10 март кунлари «Аёлга эҳтиром» ҳафталиги ўтказилади. Бу ҳақда Оила ва хотин-қизлар қўмитаси хабар берди.
Ҳафталик доирасида хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий фаоллигини ошириш, бандлигини таъминлаш, тадбиркорликка кенг жалб этиш, эҳтиёжманд хотин-қизларни ижтимоий қўллаб-қувватлашга қаратилган кенг кўламли тадбирлар, ислоҳотларнинг амалий натижаларини ўзида мужассам этган медиатанловлар ва тадбирлар ўтказиш назарда тутилган.
Жумладан:
- Жамият ва давлат ҳаётида фаоллик ва ташаббускорлик кўрсатган, ўзининг самарали меҳнати билан жамият ривожига муносиб ҳисса қўшаётган хотин-қизларни «Мўътабар аёл» кўкрак нишони билан тақдирлаш маросимларини ташкил этилади;
- Узоқ йиллар вазирлик ва идораларда ишлаб фидойилик, ватанпарварлик, ибрат намунасини кўрсатиб хизмат қилган кекса аёллар, «Аёллар дафтари» ва «Ёшлар дафтари»га киритилган хотин-қизлар «Янги Ўзбекистон боғи» ҳамда музейлар, тарихий масканлар, обидалар, зиёратгоҳ ва қадамжолар, театр, концерт, кино, кўнгилочар масканларга имтиёзли асосда ташрифлари ташкил этилади;
- Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ижтимоий фаолликларини оширишга қаратилган турли китоб ва рисолалар тақдимотлари ўтказилади.
Шунингдек, умумтаълим мактаблари ўқувчилари ўртасида «Она - оиламиз тимсоли, меҳр булоғи» мавзусида иншолар танлови ўтказиш назарда тутилган.
Ижтимоий тармоқларда ёшлар иштирокида «Аёлни эъзозлаш – эзгулик ва адолат мезони», «Она – меҳр булоғи», «Мен онам билан фахрланаман», «Юрт тараққиётига менинг ҳиссам» мавзуларида флешмоб ва челленж ташкил этилади.
«Доим эътибордасиз!» шиори остида «Тиббиёт автобуслари» ташкил этилади ва маҳаллаларда ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизлар чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилади.
Жазони ижро этиш муассасаларида маънавий-маърифий тадбирлар ташкил этилади.
Вазирликлар ва идораларда, корхона ва ташкилотларда фаолият кўрсатаётган хотин-қизлар ўртасида «Спорт нафислик ва саломатлик манбаи» шиори остида спорт мусобақалари ўтказилади.
Жойларда «Табаррук онахонларни эъзозлайлик!» мавзуида тадбирлар ўтказилади. Узоқ йиллар халқ фаровонлиги йўлида меҳнат қилган, халқ тинчлиги йўлида ҳалок бўлганларнинг оналари, турмуш ўртоқлари ва қизларига байрам совғаларини ташкил этилади.
















