Тошкент шаҳрининг Олмазор туманидаги яшил зона маҳаллий ҳокимлик томонидан аукционга чиқарилиб, сотиб юборилди. Ер майдонини 2,7 млрд сўмга сотиб олган тадбиркор бу ерда қурилиш ишлари олиб бормоқчи. Ҳудудда яшовчи аҳоли эса бундан норози. Эътиборлиси, яшил зонадаги дарахтлар сирли равишда бирин-кетин қурий бошлаган ва қуриганлари кесиб олинган. Аҳоли дарахтлар сунъий равишда қасддан қуритилганини айтмоқда.
Тошкент шаҳрида яшил зона йўқ қилиниш арафасида. Олмазор туманида бундан бир неча йил олдин дарахтзор бўлган майдон аукционга қўйилиб, тадбиркорга сотиб юборилди. Ҳолат туманнинг Хислат маҳалласида содир бўлган.
Kun.uz’га мурожаат қилган ҳудудда яшовчи фуқароларга кўра, яшил зонадаги дарахтлар бирин-кетин сирли равишда қурий бошлаган. Қуриган дарахтлар эса кесиб олинаверган. Бугунга келиб очиқ майдонга айлантирилган яшил зона қурилиш қилиш учун ҳозирлаб қўйилган.
“Бизни ҳеч ким огоҳлантирмаган. Гуруҳларга ёздик, телефонлашдик ва компания вакили билан учрашдик. Нима қурилишини ҳам билмас экан. У бизга қўпол равишда, сизлар хоҳласаларинг ҳам, хоҳламасаларинг ҳам қурамиз, деди.
Бу ер яшил ҳудуд, арчалар, мевали дарахтлар бўлган. Улар бирданига қуриб қолди. Сири шундаки, тагига ёқилғи қуйиб қўйса, ҳаммаси қурийди. Бу ерда олинмаган тўнкалари ҳам турибди. Булар кузда арраланган. Экологияга мурожаат қилганимизда, негадир улар суст ишлади. Туман экологиядан айтишдики, булар олдиндан ободонлаштиришдан рухсат сўраб, секин-секин камайтираверган. Бу ҳудуд ўша пайти Тошкент тиббиёт академиясига тегишли бўлгани учун аралаша олмадик. Билсак, бу ҳокимиятга ўтиб кетибди. У орқали аукционга қўйилибди”, дейди шу ерда яшовчи Элбек Сулаймонов.
Бошқа фуқаролар ҳам бу ҳудуд илгари катта арчазор бўлганини, дарахтлар дастлаб қуриб, кейин кесиб ташланганини айтишди. Аҳолига кўра, агар ушбу майдонда 4-5 қаватли бино қурилса, атрофдаги кўп қаватли уйлар орасига ҳаво кирмай қолади.
Атрофдаги кўп қаватли уйларда яшовчи одамларнинг сўзларига кўра, ҳудуд девор билан ўралмасдан олдин ерни сотиб олган тадбиркор Жасур Қодиржонов маҳалла фуқаролари билан учрашган. У маҳалла аҳлига мазкур жой сотиб олингани бўйича қатор ҳужжатларни кўрсатган ва унда қурилиш қилиш учун аҳолидан розилик олиш қисми йўқлигини айтган.
“Шу жойни 2,7 млрд сўмга сотиб олдим ҳокимиятдан. Пул тўладим. Бировга бориб пора берган жойим йўқ. Ҳокимиятга телефон қиласизми, адлиягами ёки прокуратурага қиласизми, давлатга тўлаган пулим асос. Сизлардан қурилишга рухсат олишга келган жойим йўқ. Шу ерда қурилиш бошлаяпман деб огоҳлантиряпман”,








