Вашингтоннинг Европа иттифоқчиларига нисбатан муносабати совуқлашган бир пайтда Париж ўз ядро салоҳиятини бутун қитъа хавфсизлиги учун ишлатишга тайёрлигини билдирмоқда. Аммо бу ҳимоядан қайси мамлакатлар фойдалана олиши номаълум.
«Биз ядровий тийиб турувчи қуролларимиз билан ҳимояланамиз. У кенг қамровли, суверен ва тўлиқ французча, — деди Макрон. — Бироқ мен Европа қитъасидаги иттифоқчиларимизни ядровий тийиб турувчи воситаларимиз орқали ҳимоя қилиш борасида стратегик муҳокамаларни бошлашга қарор қилдим».
Макрон бу баёнотни ХДИ/ХСИ номзоди бўлган Фридрих Мерцнинг АҚШнинг НАТО бўйича ўз мажбуриятларини бажармаслигига тайёрланиш лозимлиги ҳақидаги сўзларига жавобан билдирган. Мерц Буюк Британия ва Франция билан бутун қитъани қамраб оладиган ядровий ҳимояни муҳокама қилишни таклиф қилган эди. Ушбу мамлакатлар Европада Россиядан ташқари ўз ядровий қуролларига эга ягона давлатлардир.
Украинада кенг кўламли уруш бошланганидан сўнг Европа мураккаб вазиятда қолди, қитъадаги қурол-яроғ захиралари, ҳарбий-саноат комплекси ва қуролли кучлар Россия томонидан келаётган таҳдидларга тўла жавоб бера олмаслиги аён бўлди.
Европа ўз хавфсизлик тизимини қайта ислоҳ қилишга АҚШда Доналд Трамп ҳокимиятга келишидан аввалроқ киришганди. Бироқ Трамп маъмурияти ва унинг баёнотлари Европа давлатларини тезроқ ҳаракат қилишга мажбур қилди. Жумладан, АҚШ очиқчасига Европани Россия таҳдидидан ҳимоя қилишга камроқ жалб этилиши мумкинлиги ҳақида гапира бошлади.
«Кескин стратегик вазият АҚШга биринчи навбатда Европанинг хавфсизлигига эътибор қаратишга йўл қўймайди. АҚШ ўз ҳудудидаги билвосита таҳдидларга дуч келмоқда. Биз ўз чегараларимизнинг хавфсизлигига эътибор қаратишга мажбурмиз ва айнан шундай қиляпмиз», — деди АҚШ мудофаа вазири Пит Ҳегсет февралнинг ўртасида.
«Европада ядровий етакчиликка даъво»
Макроннинг баёноти умумий мазмунда бўлиб, ядровий тийиб туриш юридик тарзда қандай расмийлаштирилиши ва амалда қўллаб-қувватланиши борасида ҳозирча бирор аниқлик йўқ.
Шунингдек, унинг сўзлари ядровий ҳимоя борасида халқаро жамоатчилик қанчалик жиддий ёндашувда эканини кўрсатди. Бу мавзудаги муҳокамаларни бошлаш ва илк муносабатларни шакллантириш учун умумий баёнотнинг ўзи етарли бўлди.
Литва президенти Гитанас Науседа Макроннинг таклифини қўллаб-қувватлаб, «Франция президенти Эммануэл Макрон таклиф этган ядровий ҳимоя Россия учун жиддий тийиб туриш воситаси бўлиши мумкин», — дея фикр билдирди.
Москвада эса Макроннинг ташаббуси зиддиятли ҳаракат сифатида баҳоланди.


















