Инвесторларни Трампнинг олдиндан башорат қилиш қийин бўлган савдо сиёсати тобора кўпроқ хавотирга солмоқда. Бу сиёсат глобал таъминот занжирлари барқарорлигига таҳдид қилмоқда. Оқ уйнинг иқтисодий рецессия (пасайиш) хавфларига нисбатан етарли даражада эътибор бермаслиги эса волатилликни янада кучайтирмоқда. АҚШ фонд бозорида сўнгги кунларда кузатилган кескин пасайиш нималар билан боғлиқ? Президентнинг миллиардер иттифоқчилари қанча йўқотишга учради? Биржалар ва умуман АҚШ иқтисодиётида вазият энди қандай ривожланади? «Медуза» нашри ушбу саволларга жавоб излади.

10 март, душанба куни АҚШ фонд бозори 2022 йилдан бери энг ёмон кунини бошдан кечирди. Бозордаги саросимага Доналд Трампнинг АҚШ иқтисодиётида эҳтимолий пасайиш ҳақида берган баёноти сабаб бўлди. Америка президенти мамлакат «ўтиш даврини» бошдан кечираётганини айтди ва унинг ўзи бошлаб берган тариф урушлари натижасида иқтисодиётда рецессия бошланишини истисно этмади. «Бундай нарсаларни (рецессияни) башорат қилишни ёқтирмайман. Ҳозир ўтиш даври, чунки биз қилаётган ишлар жуда кенг кўламли», — деб тушунтирди Трамп.

Президентнинг эҳтиётсизлик билан айтган ушбу фикри яқин-яқингача Трамп сиёсатидан иқтисодий ўсиш тезлашиши ва фонд бозори қўллаб-қувватланишини кутган таҳлилчиларни ҳам хавотирга солиб қўйди. Энди эса уларнинг ижобий прогнозлари ҳам савол остида қолди.

Бозорларнинг Трампнинг баёнотига реакцияси

Трампнинг сўзлари АҚШ фонд бозорида ҳақиқий бўронни келтириб чиқарди. Инвесторлар унинг баёнотини иқтисодий рецессия ҳақидаги жиддий огоҳлантириш сифатида қабул қилди. Америкадаги йирик компаниялар ҳолатини акс эттирувчи S&P 500 индекси 2,7 фоизга қулади. Энг йирик компанияларнинг акциялари кирувчи Dow Jones Industrial Average («кўк фишкалар») индекси эса 2,1 фоизга пасайди. Технология сектори энг катта зарар кўрди: Nasdaq Composite индекси 4 фоизга қулаб тушиб, 2022 йил сентябридан буёнги энг ёмон натижани кўрсатди.

Бу пасайиш Америкадаги энг йирик тадбиркорларнинг молиявий аҳволида ҳам яққол намоён бўлди. Tesla акциялари 15 фоизга пасайиб, 2020 йилдан бери энг катта қулаши қайд этилди. Бу эса дунёдаги энг бой инсон ҳисобланган Илон Маскнинг қарийб 23 миллиард доллар йўқотишига сабаб бўлди. Amazon раҳбари Жефф Безос 4,3 миллиард доллар йўқотди, Meta асосчиси Марк Цукербергнинг йўқотиши эса 9,5 миллиард долларга етди. Улар билан бирга кўплаб бошқа йирик бизнесменларнинг ҳам бойлиги қисқарди. Bloomberg агентлигининг ҳисоб-китобига кўра, Трампнинг инаугурациясида қатнашган энг бой тадбиркорларнинг йўқотишлари 209 миллиард долларни ташкил этган. Уларнинг компаниялари капиталлашувидаги умумий пасайиш эса фантастик 1,39 триллион долларга етди. Бу Россиядек давлатнинг бир йиллик ЯИМга қарийб тенг.