Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 16 июндаги “Давлат органлари ва ташкилотларининг фаолияти очиқлигини таъминлаш, шунингдек, жамоатчилик назоратини самарали амалга оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонида давлат органлари ва ташкилотлари 1 апрелга қадар ўтган йилдаги ўз фаолиятига оид ҳисоботни жамоатчилик иштирокида муҳокама қилиш учун матбуот анжуманларини ўтказиши белгиланган.

Шунга мувофиқ, “Бизнесни ривожлантириш банки” 2024 йилдаги фаолияти юзасидан жамоатчиликка ҳисобот берди.  Банк томонидан норасмий мулоқот платформаси сифатида ташкил қилинган “БРБ дўстлари” клуби доирасида ўтказилган тадбирда банк эришган асосий иқтисодий кўрсаткичлар, бизнес ривожи учун йўналтирилган сармоялар, халқаро ҳамкорлик натижалари ва татбиқ қилинган лойиҳалар ҳақида ахборот берилди.

Қайд этилишича, 2025 йил 1 январ ҳолатига банкнинг умумий капитали йил бошига нисбатан 35,1 фоизга ўсиб 4 трлн 295 млрд 500 млн сўмга етди. Шунингдек, банкнинг даромад келтирувчи активлари йил бошига нисбатан 12,8 фоизга ўсди.

Матбуот анжуманида таъкидланганидек, “Бизнесни ривожлантириш банки”аҳолининг турмуш фаровонлигини ошириш, камбағалликни қисқартиришга қаратилган аниқ манзилли иқтисодий ислоҳотларнинг фаол иштирокчиси бўлиб келмоқда. Банк “Кичик бизнесни узлуксиз қўллаб-қувватлаш” комплекс дастурининг асосий таянч банки сифатида кичик бизнесни қўллаб-қувватлашга, янги иш ўринлари ва аҳоли учун қўшимча даромад манбаларини яратишга сармоялар киритмоқда. Хусусан, Дастур доирасида 17 676 нафар тадбиркорлар 1,7 трлн сўм миқдорида молиялаштирилган.

“Бизнесни ривожлантириш банки”га республика бўйича бириктирилган 648 та маҳаллаларга ўтган йилда жами 1 трлн 500 млрд сўм молиявий кўмак ажратилган. Натижада 473 минг нафар аҳоли бандлиги таъминланди. Шундан  70 минг нафари доимий ишга жойлаштирилди ва 403 минг нафари тадбиркорликка жалб қилинди.