Ўзбекистонда аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари томонидан электр энергияси, табиий газ, ичимлик суви ва иссиқ сув ҳисоблагичларини даврий қиёслашдан ўтказиш учун мурожаат қилиш талаби бекор қилинди. Эндиликда муддати етган ҳисоблагичларни қиёслашдан ўтказиш таъминотчи корхоналар зиммасида.
Бу борадаги давлат хизматларини проактив шаклга ўтказиш ўтган йил декабрдаги ҳукумат қарорида белгиланган.
Адлия вазирлиги масъул ходими Элёр Каримов Kun.uz'га бу тартиб қандай ишлашини тушунтириб берди.
– Жисмоний шахслар ҳар 8 йилда, юридик шахслар 4 йилда электр энергияси, газ ва сув ҳисоблагичларни қиёслашдан ўтказиши керак. Шу пайтгача бунинг учун фуқаролар ва юридик шахслар давлат хизматлари марказига бориб, ёки my.gov.uz портали орқали қиёслашдан ўтказиш учун ариза бериши керак эди.
Ҳисоблагични қиёслашдан ўтказиш нима дегани? Бунда метрология хизмати ҳисоблагич тўғри ишлаяптими-йўқми текширади. Масалан, 1 литр сувни ўтказиб, 2 литр деб кўрсатмаяптими, шу каби текширишлар ўтказилади.
Аввалги тизимда ариза таъминотчи корхонага бориб тушганидан кейин, таъминотчи корхонадан одам келиб, ҳисоблагични ечиб олиб кетади. Қиёслашдан ўтказади ва қайтариб олиб келиб ўрнатиб берарди. Бунда мажбурият фуқароларнинг ўз бўйнида эди.
Ҳозир эса фуқаролар ҳеч қаерга ариза бермайдиган бўлди. Таъминотчи корхонанинг ўзи ҳисоблагичларни кузатиб боради: қиёслашдан ўтказишга 3 ой муддат қолганда ҳар бир хонадон ёки корхонага бориб, ҳисоблагичларни ечиб олиб кетади, қайтариб олиб келиб ўрнатади.
Қиёслашдан ўтказиш учун тўлов шахсий ҳисобдан автоматик ечиб олинади. Шу пайтгача амалда бўлган тартибга кўра, ариза берилган пайтда қиёслашдан ўтказиш учун алоҳида тўлов қилинарди. Янги тартиб билан эса ҳисобрақамдаги пул ечиб олинади. Масалан, сиз ток ёки газга тўлов қилиб қўйган бўлсангиз, ўша пулдан олинади.
Қиёслашдан ўтказиш суммаси ҳозирги кунда жисмоний шахслар учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 фоизи (75 минг сўм), юридик шахслар учун БҲМнинг 1,5 баробари (562 500 сўм) ҳисобланади.
– Агар ҳисобрақамда етарлича пул бўлмаса-чи?
– Қарзга ёзилади ва пул тўлаганингизда ечиб олинади.
– Таъминотчи корхона қиёслашдан ўтказиш муддати келганини қандай аниқлайди?
– Таъминотчи корхоналарда ҳисоблагичларни кузатиб бориш имконияти аввалдан бўлган. Уларнинг маълумотлар базаси бор.









