Бугун юртимизда ёшлар ўзларига берилаётган эътибор, уларга яратилаётган кенг имкониятлардан тўғри фойдаланиб, юксак ақл-идрок ва интеллектуал салоҳиятларини намоён қилган ҳолда юрт равнақи ҳамда ватан тараққиётига ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшиб келишмоқда. Ёш бўлишига қарамай дунёнинг энг машҳур университети Гарвардга мутлақ грант асосида талабаликка тавсия этилаётган ёшлар, шунингдек, муддатидан олдин бир неча университетлар саралаш жараёнларидан муваффақиятли ўтиб юртимизнинг довруғини дунёга танитаётган ёшлар бунга яққол мисолдир. Хўш, бу ёшлар қай тариқа бундай муваффақиятга эришмоқда? Ўзбекистонда ҳам муддатидан олдин талаба бўлиш мумкинми? Шу ҳақида ушбу мақолада батафсил маълумот берамиз.
Муддатидан олдин қабул қилиш тизими қандай?
Талабаларни имтиҳонсиз, муддатидан олдин қабул қилишни бошлаб берган халқаро университетлардан бири бу АҚШнинг дунёда ТОП 6-ўринда турувчи Стенфорд университети ҳисобланади. Стенфорд “Restrictive Early Action” қабул дастурини жорий қилган, бу эса талабаларга одатдаги белгиланган вақтдан олдинроқ ариза топширишга ва университетларнинг одатий қабул қилиш муддатидан олдин қабул қилинишга имкон берган. Муддатидан олдин қабул қилиш жараёни халқаро имтиҳонлар натижаларига асосланган ва мослашувчан қабул тизими ҳисобланади. Ҳозирги кунга келиб, талабаларни имтиҳонсиз муддатидан олдин қабул қилиш тизими глобал тарзда ривожланди, кўплаб университетлар ушбу тизимдан кенг миқёсда фойдаланмоқда. Ушбу тизим асосан абитуриентларнинг эришган ютуқлари, мактаб баҳолари ҳамда халқаро сертификатларига (масалан, SAT, IB yoki International AS & A Levels) асосланади. Мазкур тизимдан дунёнинг топ университетлари МИТ, Гарвард каби машҳур университетлар ҳам кўп йиллардан бери фойдаланиб келмоқда. Юртимизда ҳам ушбу тизимдан кенг қўлланмоқда. Жумладан Янги Ўзбекистон университетида ҳам абитуриентлар ТОП университетлар томонидан қўлланиб келинаётган мазкур қабул тизими асосида муддатидан олдин ўз ўринларини банд қилиш имконига эга.
Янги Ўзбекистон университетида қандай қилиб муддатидан олдин ўз ўқиш жойини банд қилиш мумкин?
Халқаро SАТ, International Baccalaureate Diploma yoki International AS & A Levels сертификатларининг математика қисми баллари университет саралаш имтиҳони натижаларига тенглаштирилган бўлиб, ушбу сертификатларнинг математика қисмидан тегишли кўрсаткичга эга абитуриентлар муддатидан олдин тўлов-контракт ёки давлат гранти асосида талабаликка тавсия этилади. Масалан, халқаро SАТ сертификатининг математика қисмидан 780 кўрсаткичга эга абитуриент, университет саралаш имтиҳонида тақдим этиладиган 85 фоизлик кўрсаткичга эга бўлади ва муддатидан олдин тўлов-контракт асосида талабаликка тавсия этилиши мумкин. Бунда абитуриент ўз хоҳишига кўра имтиҳондан озод этилади. Ўз натижасини янада юқори қилиш истагида бўлган абитуриентлар университет саралаш имтиҳонида қатнашиш имконига эга. Агар абитуриентнинг халқаро сертификат бўйича тақдим этилган натижаси ва у иштирок этган саралаш имтиҳони натижаси орасида фарқ юзага келса, юқори натижа Янги Ўзбекистон университетининг қабул комиссияси томонидан инобатга олинади.














