Доналд Трамп маъмурияти ўта қўпол хатога йўл қўйди. Президент жамоасидаги асосий арбоблар АҚШнинг Яманга зарбаларини муҳокама қиларкан, Signal тижорий мессенжерида махфий чат очиб, унга тасодифан The Atlantic нашри муҳарририни ҳам қўшиб қўйишди. Натижада АҚШнинг Ямандаги ҳусийларга қарши операцияси махфий режаси смс тарзида муҳаррирга ҳам жўнатилди. Бу ҳақида қатор Америка ва Ғарб нашрлари хабар қилмоқда. Оқибатда эса ҳарбий маълумотлар сизиб кетишига йўл қўйилган.
Маълум бўлишича, Трамп командасининг асосий аъзолари – вице-президент Ж.Д. Вэнс, мудофаа вазири Пит Ҳегсет, давлат котиби Марко Рубио ҳамда миллий разведка директори Тулси Габбард, Трампнинг маслаҳатчиси Стивен Миллер, президент вакили Стив Уиткофф ва жами 18 киши Яманга зарба берилишидан олдин махфий режани муҳокама қиларкан, бу мулоқотда жиддий хато билан журналист ҳам иштирок этди.
The Atlantic нашри муҳаррири Жеффри Голдберг 14 март куни Signal мессенжеридаги «Houthi PC small group» номли гуруҳга қўшилган. Бу гуруҳни президентнинг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Майкл Уолтц яратгани тахмин қилинмоқда. Чатда Яманга зарба вақти ва кетма-кетлиги, қўлланадиган қурол турлари, эҳтимолий сиёсий оқибатлар, Европанинг реакцияси, операцияни кечиктириш тарафдорлари ва қарши фикрлар баён қилинган.
15 март куни соат 11:44 да Пит Ҳегсет ҳужумнинг батафсил режасини гуруҳга юборади. Орадан икки соат ҳам ўтмасдан — 13:45 да Яман пойтахти Санода кучли портлашлар кузатилади. Бу эса чатдаги ёзишмаларнинг ҳақиқийлигини тасдиқлайди.
Операция якунланганидан сўнг гуруҳда табриклар алмашилган, ҳужум натижалари муҳокама қилинган, ҳусийчилар етакчиларидан бири нобуд бўлган бўлиши мумкинлиги ва зарбанинг савдо алоқаларига таъсири кўриб чиқилган.
Журналист ушбу воқеалардан сўнг гуруҳни тарк этган ва ундан на изоҳ, на сўров олинмаган.
Миллий хавфсизлик кенгаши масалага муносабат билдираркан, журналистнинг гуруҳга қўшилиб қолиши ҳарбий режага зарар келтирмагани айтилади.
“Бу ҳақиқий хабарлашув занжири эди. Журналистнинг қўшилиши тасодиф бўлган. Лекин бу қандай содир бўлганини биз кўриб чиқяпмиз. Ямандаги операция муваффақиятли ўтди, ҳарбийлар учун хавф-хатар юзага келмаган”, -дейди миллий хавфсизлик кенгаши матбуот котиби Хюз Браян.
Муҳаррир Голдберг ўз аккаунтидан махфий материалларни, мавжуд операцион тафсилотларни олиб ташлаганини билдирди.













