Доналд Трамп Оқ уйга қайтганидан сўнг, Исроил ҲАМАСга қарши янги ҳарбий операция бошлади — бу муваққат оташкесим келишуви имзоланганига қарамай амалга оширилди. Гаровда ушлаб турилганларнинг тақдири учун хавотирда бўлган қариндошлар бундан норози, улар гуруҳ қўлида қолган инсонлар хавфсизлигига таҳдид туғилишидан қўрқишмоқда. Аммо Исроил расмийлари радикал гуруҳни тўлиқ йўқ қилиш бўйича қатъий фикрда турибди.

Айрим мутахассислар ҲАМАСни фақат ҳарбий йўл билан йўқотиб бўлмаслигини таъкидлашмоқда. Улар бу кучлар таъсирини сусайтириш бўйича умидларни фаластинликларнинг ўзига боғлашмоқда, деб ёзади BBC.

ҲАМАСдан нима қолди?

BBC инфографикаси.

Сиёсий қанот

Ғазо секторидаги уруш бошланганидан бери ҲАМАСнинг сиёсий ва ҳарбий қаноти раҳбариятидан ўнлаб кишилар, жумладан, гуруҳнинг энг нуфузли шахслари ва 2023 йил 7 октябрда Исроилга қилинган ҳужум мафкурачилари — Исмоил Ҳания ва Яҳё Синвар ўлдирилди.

Яҳё Синвар Исроил қамоқхонасида 22 йил ўтирган ва 2011 йили мингга яқин фаластинлик маҳкумлар билан бирга исроиллик аскар Гилад Шалитга алмаштирилган. Шундан сўнг у гаровга олишни Исроилга қарши курашда самарали усул деб ҳисоблаган. Фото: EPA

2024 йил октябрида Синвар ҳам ҳалок бўлганидан кейин ҲАМАС хавфсизлик нуқтайи назаридан юқори лавозимларга ворис тайинлашни оммага эълон қилишни тўхтатди.

Бироқ исроиллик ҳамда Яқин Шарқдаги кўплаб таҳлилчилар фикрича, гуруҳда бундай даражадаги раҳбарлик вазифаларини бажара оладиган шахсларнинг ўзи умуман қолмаган.

Ҳозирги ҳолатда гуруҳнинг умумий раҳбарлигини Синварнинг укаси — Муҳаммад Синвар амалга ошираётгани айтилади. Аммо BBCʼнинг Ўрдун дарёсининг Ғарбий соҳилидаги фаластинлик расмийлардан олинган маълумотларига кўра, бу кўпроқ фамилиясининг таъсирига суянган ҳолда қабул қилинган мажбурий қарор бўлиб турибди.

Исроилнинг Хон Юнусда яқинда амалга оширилган авиаҳужумлари натижасида ҲАМАСнинг яна икки юқори даражали раҳбари — Исмоил Барҳум ва Салоҳ ал-Бардавил ўлдирилди.