Таъкидланганидек, кейинги йилларда мамлакатимизда давлат харидлари соҳасида очиқлик ва шаффофликни таъминлашга ҳамда рақобатли савдоларни амалга оширишга қаратилган тизимли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Савдоларда электрон тендер тизимига ўтилиши савдо жараёнларини онлайн тарзда ўтказиш, харажатларни камайтириш ва коррупцияга карши курашиш имконини бермоқда. «Давлат харидлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни қабул қилингани тендер жараёнларини халқаро стандартларига мослаштириш, рақобатнинг очиқ шаклларини жорий этиш, шунингдек, тўғридан тўғри шартномалар тузиш имкониятларини чеклаш, савдода иштирок этувчи алоқадор ва афилланган шахсларни рўйхатга олиш учун ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда. Соҳада шаффофлик ва очиқликни таъминлаш мақсадида барча тендер савдоларининг режалари, натижалари ва шартнома баҳолари ОАВда эълон қилинмоқда. Бу эса жамоатчилик томонидан мазкур соҳада назорат ва мониторингни амалга ошириш учун имкониятлар яратмоқда.

Муҳокамаларда депутатлар кейинги йилларда юртимизда фуқароларда давлат маблағларининг қандай сарфланаётганига нисбатан бефарқлик ҳисси йўқолиб, давлат харидлари устидан жамоатчилик назорати кучайиб бораётганини эътироф этди. Буни давлат органлари, вазирликлар, маҳаллий ҳокимиятлар ёки давлат улушига эга ташкилотлар томонидан асоссиз, қиммат ёки коррупция эҳтимоли юқори бўлган харидлар амалга оширилганига оид хабарлар ижтимоий тармоқларда кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлаётганидан ҳам кўриш мумкин. Халқ вакилларининг фикрича, тендер савдоларида рақобатнинг кучайиши нархларни 20-30% га пасайтириш ҳамда бюджет маблағларини оқилoнa сарфлаш имконини беради.

Халқ вакиллари давлат харидлари тизимини тартибга солувчи қонунчилик базасини янада такомиллаштириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратди. Янги таҳрирдаги «Давлат харидлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни ва бир қатор норматив ҳужжатлар қабул қилингани ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига давлат харидлари тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун жавобгарлик нормалари киритилгани соҳани ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишда ўз натижаларини бераётгани эътироф этилди.

Шу билан бирга, йиғилишда давлат харидларига оид камчилик ва муаммолар танқидий руҳда муҳокама қилинди. Хусусан, «Давлат харидлари тўғрисида»ги қонун талабларига зид равишда молиявий маблағлардан самарасиз фойдаланиш, тендер савдоларида рақобат ва холисликнинг сустлиги ҳамда коррупцияга йўл қўйилаётган ҳолатлар ҳам депутатларнинг асосли танқидига сабаб бўлди. Давлат буюртмачилари томонидан харидларни рақобатли усулларни четлаб ўтган ҳолда, қонун ҳужжатларга зид равишда тўғридан тўғри шартномалар тузиш, харидларни юқори нархларда амалга ошириш, уларни қисмларга бўлиш, очиқлик ва шаффофлик принципига риоя этмаслик ҳолатлари бўйича депутатларнинг саволларига масъул вазирлик ва идораларнинг жавоблари олинди.