Тамбов гарнизон ҳарбий суди 58-армия собиқ қўмондони Иван Поповни мансаб сохтакорлиги ва фирибгарликда айбдор деб топиб, беш йил муддатга умумий тартибдаги колония жазосига ҳукм қилди.
У генерал-майор ҳарбий унвонидан ҳам маҳрум этилган.
Попов 2024 йил май ойида ҳибсга олинганди. Ўша йил июлида суд унга эҳтиёт чорасини енгиллаштириб, адвокатларнинг учинчи илтимосномасидан сўнг уй қамоғига жўнатганди, аммо 2025 йил февралида Попов тергов изоляторига қайтарилди. Ҳарбий прокуратурага кўра, генерал гўёки рухсатсиз Тамбовдан Москвага кетиб қолган, деб ёзади «Коммерсант».
Попов Запорижжя областида мудофаа иншоотларини қуришда ишлатилиши керак бўлган, қиймати 100 миллион рублдан ортиқ бўлган 1,7 минг тонна металл маҳсулотларни ўғирлашда айбланди.
Айблов томони Попов учун олти йиллик қамоқ жазоси, шунингдек, генерал-майор унвонидан маҳрум этиш ва 800 минг рубл миқдорида жарима солишни талаб қилганди.
Попов ўз айбига иқрор бўлмади ва суд томонидан асоссиз таъқибга учраганини даъво қилди. Поповнинг ҳимояси суддан уни оқлашни сўради.
Март ойи охирида «Коммерсант» нашри Попов Россия президенти Владимир Путинга очиқ хат билан мурожаат қилгани, унда уни «сафга қайтариш» ва «махсус ҳарбий амалиёт ҳудуди»га (Россия ҳукумати Украинага кенг кўламли босқинни шундай атайди) жўнатишни сўрагани ҳақида хабар берганди. У ўз илтимосини доимо «содиқ аскар» бўлгани, унинг учун «армия – ҳаётининг мазмуни» экани билан асослади.
Апрел ойи бошида Поповнинг адвокати Сергей Буйновский Россия мудофаа вазирлиги генералнинг урушга жўнатиш ҳақидаги илтимосномасини қўллаб-қувватлаганини айтганди. «Коммерсант» маълумотларига кўра, уни оддий штурмовик сифатида эмас, балки «Шторм Z» отрядларидан бирининг командири сифатида жангга юбормоқчи бўлишган.
Сўнгги сўз ўрнида генерал яна бир бор ўзининг айбсизлигини таъкидлади ва суддан «ўз мамлакатига фойда келтириш» имкониятини беришни сўради, деб ёзади ТАСС.
«Сўнгги сўзида Попов ҳаётда баъзи хатоларга йўл қўйган бўлиши мумкинлигини, қаердадир адашган бўлиши мумкинлигини, лекин ҳеч қачон қонунни бузмагани, ҳар доим қасамёдига, халқига ва олий бош қўмондонга содиқ қолганини таъкидлади», – дея Поповнинг сўзларини келтиради агентлик суҳбатдоши.
Ишдан бўшатилгандан кейинги жиноий иш
Попов 2023 йилнинг ёзида 58-армия қўмондони лавозимидан четлатилганди. Унинг сўзларига кўра, у Россия армияси муаммолари ҳақида ҳисобот бериб, Россия мудофаа вазирлиги раҳбариятининг қарорларини танқид қилганидан кейин «катта қўмондонлик» томонидан лавозимидан четлатилган.
















