Иқтисодиёт ва молия вазирлигига кўра, Гулнора Каримова Швейцарияга ноқонуний олиб чиқиб кетган маблағлардан 131 млн доллар қисмини Ўзбекистонга қайтариш бўйича келишувга эришилган. Шундан 97 млн доллари БМТнинг кўп томонлама траст жамғармаси ҳузуридаги “Ишонч” жамғармасига келиб тушган. Ушбу маблағнинг 87 млн доллар қисми Ўзбекистоннинг таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларига тенг тақсимланган.
Гулнора Каримованинг Швейцарияда мусодара қилинган активларини мамлакатга қайтариш бўйича ушбу мамлакат ҳукумати билан келишувлар имзолангани ҳақида бир неча бор хабар берилган эди.
24 апрел куни Олмалиқ шаҳридаги матбуот анжуманида маблағларнинг қанчаси Ўзбекистонга қайтарилгани ва нималарга сарфланаётгани, жараён қандай кечаётгани тўғрисида маълумот берилди.
Иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Отабек Фозилкаримов Гулнора Каримова Швейцарияга ноқонуний олиб чиқиб кетган маблағлардан 131 млн доллар қисмини Ўзбекистонга қайтариш бўйича келишувга эришилганини айтиб ўтди. Шундан 97 млн доллари БМТнинг кўп томонлама траст жамғармаси ҳузуридаги “Ишонч” жамғармасига келиб тушган. Ушбу маблағнинг 87 млн доллар қисми Ўзбекистоннинг таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларига тенг тақсимланди.
Маълум қилинишича, Ўзбекистондаги 231 та туғруқ муассасалари учун 23 турдаги 5 минг 841 дона замонавий тиббий ускуна сотиб олинган. 11 минг нафардан ортиқ тиббиёт ходимлари ўқитилган. Иқтисод қилинган маблағлар ҳисобидан яна 1 минг 400 дан ортиқ тиббий жиҳозлар олиб келиниши кўзда тутилган. Бундан ташқари, таълимга ажратилган 43,5 млн АҚШ долларининг салкам ярмига ахборот технологиялари ва таълим имкониятларини ошириш лойиҳаси ишга туширилган.
“Иккинчи компонентимиз, йигирма уч яримни айтдик. Кейин йигирма миллион АҚШ доллар миқдоридаги компонентимиз қолаяпти. Ушбу компонентимиз доирасида Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Бирлашган Миллатлар ташкилотлари билан биргаликда мактабларда яшил ва гендер тамойилларига асосланган санитария-гигиена тизимини модернизация қилиш бўйича лойиҳа ишлаб чиқилмоқда” – дейди Отабек Фозилкаримов.
Расмийга кўра, ажратилган маблағларга нима, қанчага сотиб олингани назорат қилиб борилади. Шунингдек, у келгусида Швейцария ва Белгиядан олиниши кутилаётган маблағларга ҳам тўхталди.
“Алоҳида веб-сайт яратилган, ишончли, ҳаволалар ҳам берилган ва бундан кейин амалга оширилган ишларнинг ҳисоботи ҳам ўша сайтимизда эълон қилиб борилади. Демак бизнинг биринчи траншимиз $131 млн. Кейинги траншимиз эса $182 млн. Бундан ташқари, Белгия ҳукумати билан ҳам ҳозирда қайтариш бўйича ишлар олиб борилмоқда. У ердаги маблағ $108 млн. Бу бўйича ҳам қўшимча ахборот бериб борамиз. Ҳали аниқ эмас. Ҳозир музокаралар олиб борилмоқда”















