AҚШ президенти Доналд Трампнинг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Майк Уолц эсингизда бўлса керак. Ҳа, Яманга қарши зарбалар муҳокама қилинган Signal мессенжеридаги чатга Atlantic журнали муҳарририни қўшиб қўйган мулозим. Трамп 1 май куни мана шу маслаҳатчисининг «паттасини қўлига тутқазди».

Aлбатта, Трамп бутун бошли миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси ҳаваскорларга хос ҳаракат қилиб, қандайдир журналистни Оқ уйдаги мулозимлар чатига қўшиб қўйгани учун ҳайдалганини тан олмаса-да, истеъфо сабаби шу бўлгани аниқ.

БМТга «сургун қилинди»

Aввало Майк Уолц эгаллаган лавозим қанчалик жиддий экани ҳақида икки оғиз. AҚШ президенти маъмуриятида кўп одам ишламайди, президент маслаҳатчилари ҳам кўп эмас. Миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчи бевосита хавфсизлик, уруш ва ҳарбий ҳаракатлар масаласида президент қабул қиладиган қарорларга таъсир қила оладиган одам. Шундай экан, Майк Уолц Трамп маъмуриятининг юқори мартабали мулозими эди деб бемалол айта оламиз.

Трамп табиийки, Уолцни ишдан бўшатдим демади, шунчаки «уни янги лавозимга тавсия қилганини» айтди. «Сизга Майк Уолц номзодини AҚШнинг БМТдаги элчиси лавозимига илгари суришимни мамнуният билан хабар қилмоқчиман. Давлат котиби Марко Рубио Давлат департаментининг кучли раҳбари бўлиш билан бир вақтда вақтинча миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчи лавозимини ҳам эгаллайди», деб ёзди Трамп ўзига тегишли Truth ижтимоий тармоғидаги саҳифасида.

Уолц Тwitterʼда Трампнинг маслаҳатчиси бўлиб ишлаш унинг учун шараф бўлганини ёзди. Трампнинг буйруғи билан Майк Уолцдан ташқари унинг ўринбосари Aлекс Вонг, шунингдек, миллий хавфсизлик кенгашининг яна бир қатор аъзолари ишдан бўшатилган.

Aмерика нашрлари Уолцнинг истеъфосини Ямандаги ҳусийчилар позициясига берилган зарбалар Signal чатида муҳокама қилингани билан боғламоқда. Ўшанда Майк Уолц давлат сирлари муҳокама қилинган чатга Atlantic журнали муҳарририни қўшиб қўйганди. Журналист ёзишмалар скриншотини эълон қилгач, бу масала Aмерикада жиддий муҳокама қилинди, Трамп маъмуриятида профессионал бўлмаган одамлар йиғилгани айтилди.

Дарвоқе, журналистлар Уолц ўзи қатнашган охирги ҳукумат йиғилишида ҳам Signal мессенжерида смс ўқиб ўтирганига эътибор қаратган. Тарқалган суратлардан вице-президент Вэнс ниманидир ўчириш ҳақида гапирганини англаш мумкин.

Трамп ўшанда ҳаммаси жойида деган бўлса-да, катта эҳтимол ўша вақтдаёқ Уолцни ишдан кетказишни ўйлаган. БМТга элчи қилиб юборилганининг ўзи Трамп Уолцни қанчалик ёмон кўриб қолганидан нишона. Чунки Трамп иккинчи муддатга киришганидан бери БМТга нисбатан салбий муносабатда бўлиб, унинг қошидаги ташкилотлардан чиқиб кетяпти. Ҳа, Уолц БМТга сургун қилинди, десак муболаға бўлмайди. Одатда қайсидир мулозимни бирор ишга ўтказиш орқали «сиёсий жазолаш» авторитар давлатларда учрайдиган ҳолат. Трамп иккинчи муддатида айнан авторитар давлат раҳбарлари каби ишламоқда.