Эфирдаги ҳар бир жумласи, танлаган сўзлари, ҳолатларни баҳолаш услуби ва ўзига хос овози билан ўзбек томошабинларига футбол завқини улашиб келган Мирзаҳаким Тўхтамирзаевнинг шарҳловчилик фаолиятига 33 йил тўлди. Мазкур вақт давомида у 2500 дан ортиқ футбол ўйинларини шарҳлади. 200 га яқин илмий мақолалар ёзди, педагогика фанлари номзоди бўлди. У Kun.uz мухбири билан суҳбатда эталон шарҳловчилар, “самога учган юлдузлар”, медиадан яширилган спортчилар ҳақида гапириб берди.

Ҳақоратламаслигим учун шарҳловчиликка чақирилганман

Ёшлигимизда футбол икки тилда шарҳланарди: ўзбекчада – Ахбор Имомхўжаев, рус тилида – Роман Турпишев. Иккалалари деярли бир хил гапни айтарди, яьни дастлабки шарҳ иккинчи тилга таржима қилинарди. Тингловчи агар ўзбекчани ҳам, русчани ҳам билса, унга такрорий изоҳни қайта эшитиш эриш туюларди.

Ўша пайтларда бири иккинчисини такрорламай, бошқачароқ маълумот берса бўларди-ку, деб хаёлимдан ўтказганман, лекин шарҳловчи бўламан-у шу нарсани ўзим ўзгартирман, деган интилиш йўқ эди. Болалигимдан футболга қизиқардим, спортга доир барча репортажларни қолдирмасдан кўрардим.

Республика Рус тили ва адабиёти педагогика институтини тамомлагандан сўнг “Тил ва адабиёт таълими”, “Преподавание языка и литературы” илмий-методик журналлари ва миллий телерадиокомпанияда иш бошладим. Таҳририятда фаолият олиб борган давримда “Туркистон” газетаси бош муҳаррири ўринбосари Аҳрор Аҳмедов билан футбол ҳақида суҳбатлашиб турардик. Улар бир куни мендан Ўзбекистон чемпионати ва унга муносабат сифатида газетага мақола ёзиб беришимни сўради. Кечаси билан қоғоз қоралаб, эртасига 17 бетли шарҳни олиб бордим. Муҳаррир мақолани ўқиб чиқиб, “ҳаммаси янги фактлар-ку, буни қачон ёзишга улгурдингиз?” дея ҳайрон қолган ва шу тариқа уларда Мирзаҳаким футболга кучли қизиқаркан деган тушунча уйғонган.

Аҳрор Аҳмедов эрталаб эфирга узатиладиган “Газеталар шарҳи” кўрсатувида, мен эса “Ўзбек тилини ўрганамиз” туркум дастурларида чиқардим. Телевидениеда футбол учрашувларидан репортажлар кўпайтирилаётган вақтда Аҳрор акани футбол шарҳловчилигига таклиф қилишган. Аммо Аҳрор Аҳмедов “мен тўғри келмайман, бизникилар икки-уч метрдан дарвозага гол ура олмаса, ўзимни тутиб тура олмасдан, сўкиниб юбораман” деб шарҳловчиликка боришни рад этган. Ўзларининг ўрнига каминани “