Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.

Ғазода шифохонага зарба: камида 28 киши ҳалок бўлди

Исроилнинг Ғазо сектори жанубидаги Хон Юнус шаҳрида жойлашган Европа касалхонасига уюштирган ҳаво ҳужуми оқибатида камида 28 киши ҳалок бўлди ва ўнлаб одамлар яраланди. Бу ҳақда Ҳамас назоратидаги Фуқаролик мудофааси агентлиги хабар берди.

Маҳаллий манбаларга кўра, Исроил авиацияси Ғазодаги шифохонага олтита бомба ташлаб, ички ҳовли ва унга туташ ҳудудга зарба берган.

Исроил мудофаа кучлари «Ҳамас террорчиларининг қўмондонлик маркази»га аниқ зарба берганини айтган. Уларнинг сўзларига кўра, марказ шифохона остида жойлаштирилганди.

Ҳаво ҳужуми оқибатида жабрланганлар орасида BBC билан ҳамкорлик қилган маҳаллий журналист ҳам бор. Унга ёрдам кўрсатилган, ҳозирда у барқарор ҳолатда.

2023 йил 7 октябрдан буён Исроил армиясининг Ғазо секторига уюштирган ҳужумлари натижасида ҳалок бўлганлар сони 52 928 нафарга етди. Ғазо Соғлиқни сақлаш вазирлигининг сўнгги баёнотига кўра, охирги 24 соат ичида сектордаги касалхоналарига яна 20 нафар ҳалок бўлганларнинг жасадлари ҳамда 125 нафар ярадор киши олиб келинган.

Макрон Россияга санкциялар билан таҳдид қилди

Франция президенти Эммануэл Макрон яқин кунларда Россия Украинада ўт очишни тўхтатишга рози бўлмаса ва унга риоя қилмаса, унга нисбатан санкциялар жорий этилишини айтди. Франция раҳбарининг сўзларини La Repubblica келтирмоқда.

Макрон Россияга қарши аллақачон «бир неча ўнлаб» санкциялар пакети жорий қилинганини таъкидлаб, «АҚШ билан келишилган ҳолда, яқин кунларда Россияга қарши санкциялар қўлламоқчимиз», деди.

Шу билан бирга, у музлатилган Россия активларининг хатловга олинишига қарши чиқди ва бунинг учун ҳеч қандай «ҳуқуқий база» йўқлигини таъкидлади.

Россия ва Украина ўртасида 15 май куни Истанбулда бўлиб ўтадиган музокараларни шарҳлар экан, у «Украинада хавфсизлигимиз ўртага тикилган. Биз қуруқликда, денгизда ва ҳавода 30 кун давомида ўт очишни тўхтатишни истаймиз», деб таъкидлади.

Путин Истанбулга борадиган делегация таркибига кирмади