Мажмуа ҳудудида 5 та фазага бўлинган электр энергияси билан таъминлаш ишлари қилиниши маъқулланган. Аммо ғиштларни гранит тошларга алмаштириш қатъиян рад этилган. Маданий мерос агентлиги бу шўрланиш ҳамда намгарчиликни ошириб юборишини, натижада объектларда кейинчалик салбий оқибатлар юзага келишини билдирган. Қурилиш вазирлиги лойиҳа тайёрланмаганини айтмоқда. Жойда эса ишлар бошлаб юборилган.
Пойтахтнинг Олмазор тумани Зарқайнар кўчасида жойлашган Ҳазрати имом мажмуасида қурилиш ишлари бошланган. Айрим масжид ва мадрасалар жойлашган ҳудуд ўраб олиниб, майдонда жойлашган обиғиштлар олиб ташланиши, ўрнига гранит тошлари ётқизилиши кутилмоқда. Маҳаллий аҳоли бу билан XVI-XX асрга оид мажмуанинг тарихий кўриниши йўқолиб қолишидан хавотирда.
Kun.uz ҳолатни ўрганиш учун жойда бўлиб, масъулларга бир неча саволлар билан юзланди. Аммо қурилиш бошида турган бирор вакил жавоб беришни истамади. Камера ортида маълумот олишга муваффақ бўлдик.
Қайд этилишича, айни Ҳазрати имом мажмуасидаги ишлар учун лойиҳа тўлиқ тасдиқланмаган, қурилиш ва лойиҳалаш ишлари параллел олиб борилмоқда.
“Давлатнинг [лойиҳаси] бўлганидан кейин, масалан, кимдир келиб, нимадирни ўзгартириш керак деса, ўзгариб кетади. Аниқ лойиҳа йўқ. Ҳозир энди ғиштни биринчи алмаштирамиз дейишди, лекин айнан қандай: гранитми, “брусчатка”ми, ҳали билмаймиз.
Намуна [сифатида қўйилган гранит тош] ҳали тасдиқдан ўтганми ёки йўқ, хабаримиз йўқ”, – дейди қурилиш бошқарувчиси.
Унинг қўшимча қилишича, жойда дренаж тизими мавжуд бўлмагани, ёғингарчиликда сув йиғилиш ҳолати мавжудлиги сабаб ғиштларни олиб ташлаш хулосасига келинган.
“Ўзи Ислом цивилизация маркази қуриб туриб, энди атрофини ободонлаштириш қўшиб юборилди. Ўзи бу [Ҳазрати имом мажмуасидаги қурилиш] йўқ эди.
Ташриф бўлганидан кейин, йўлнинг четида ҳам бекорга “снос”лар бўлмади, туризмни ривожлантириш учун бу ерда катта, чиройли нарса қуриляпти-да, бу ерда эса туристлар юрганда ёмғир ёғганида оёғининг таги сув бўлиб ётади, сув кетмайди, масалан, бу ерда Ҳайит кунлари намоз ўқилади. Талабга жавоб бермаяпти”, – дейди у.
Шунингдек, вазият ҳақида билиш учун таҳририят Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги билан ҳам боғланди. Вазирлик матбуот хизматига кўра, майдондаги обиғиштларни алмаштириш бўйича лойиҳа ҳужжатлари тайёрланмаган. “Лойиҳа бўлмагандан кейин, иш ҳам бўлмайди. Бу масалада Маданий мерос агентлигидан изоҳ олингани маъқул” деди расмий вакил.








