Ўзбекистон | 11:35 / 19.05.2025
2072
3 дақиқада ўқилади

Томорқа ер эгалари ва деҳқон хўжаликлари қўллаб-қувватланади

Вазирлар Маҳкамасининг «Деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари фаолиятини қўллаб-қувватлашга доир чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

Фото: Kun.uz

Ҳужжат билан Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳузуридаги Деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари фаолиятини қўллаб-қувватлаш жамғармаси тўғрисидаги низом тасдиқланди. Жамғарма президентнинг «Томорқа ер эгалари ва деҳқон хўжаликлари фаолиятида замонавий ташкилий тизимни жорий қилиш ва молиявий қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони билан ташкил этилган.

Шунингдек, жамғарма маблағлари ҳисобидан грант, субсидия, кредит ва лизинг ажратиш тартиби ҳам тасдиқланди.

Жамғарма маблағларини шакллантиришнинг асосий манбалари:

  • Ўзбекистон фермерлар кенгаши ҳузуридаги Фермер хўжаликларини қўллаб-қувватлаш жамғармасидан ўтказиб бериладиган маблағлар;
  • Ўзбекистон давлат бюджетидан ажратиладиган трансфертлар;
  • жамғармага юклатилган вазифаларни бажариш учун жалб қилинадиган халқаро молия институтлари, хорижий ҳукумат молия ташкилотлари ва бошқа донорларнинг кредитлари (қарзлари) ва грантлари;
  • жамғарманинг, шу жумладан вақтинча бўш турган маблағларини депозит ҳисобрақамларига жойлаштиришдан олинадиган даромадлари.

Жамғарма маблағлари ҳисобидан қуйидаги молиявий қўллаб-қувватлаш турлари кўрсатилади:

  • ҳар йили 500 та маҳалладаги биттадан хонадон томорқасида амалга оширилган энг намунали ва инновация лойиҳалари учун БҲМнинг 100 бараваригача грантлар ажратилади;
  • уста деҳқонлар томонидан қисқа муддатли ўқув курсларини ташкил этиш билан боғлиқ харажатларни қоплаш мақсадида ҳар бир курс учун БҲМнинг 15 бараваригача субсидия ажратиш;
  • томорқаларда экспортбоп маҳсулот етиштиришни йўлга қўйган деҳқонларга 100 млн сўмгача субсидия ажратиш;
  • сув таъминоти чекланган ҳудудларда ер участкаларини суғориш учун тик қудуқларни бурғилаш ва ишга тушириш, сув чиқариш воситаларини сотиб олиш, ирригация тармоқларини тортиш билан боғлиқ харажатларнинг бир қисмини қоплашга субсидиялар;
  • қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш, қайта ишлаш, қуритиш, сақлаш ва қадоқлаш лойиҳалари учун 2 йилгача имтиёзли давр билан 7 йилгача муддатга Марказий банкнинг асосий ставкасидан 4 фоизли пункт юқори ставкада (шундан, 5% банк маржаси) кредитлар;
  • аҳоли томорқалари ва ижара ер участкаларида ихчам музлаткичли омборхоналар, қадоқлаш, қуритиш ва қайта ишлаш ускуналари, тайёр ҳолдаги иссиқхоналарни 24 ойлик имтиёзли давр билан 5 йилда бўлиб тўлаш шарти билан лизингга бериш.

Мавзуга оид

Эълонлар