АҚШ ва Хитой ўртасидаги савдо уруши глобал иқтисодиётда силкинишларга сабаб бўлди. Лекин орадан бир ой ўтиб, икки давлат ўзаро божларни урушгача бўлган даражага қайтаришга келишиб олди. Мавзу – Kun.uz'нинг “Геосиёсат” дастури муҳокамасида.

— АҚШ–Хитой савдо уруши 90 кунга музлатилмоқда. Савдо урушида ким ғалаба қозонди?

Анвар Йўлдошев: Савдо урушида ҳеч ким ғалаба қозонмайди, АҚШ-Хитой мавзуси ҳам шундай. Трамп ҳукуматга келганидан кейин сайловчиларга қандайдир натижа кўрсатиши керак эди. Шунинг учун у турли ҳажмларда Хитойга ва 187 та давлатга божлар жорий қила бошлади.

Асосий мақсад – дунё давлатлари билан келишиб, Хитойни сиқувга олиш эди, лекин Пекин ҳам курашни давом эттирди. Трамп эса қайси давлатга божларни кўтарган бўлса, уларни музлатди ёки ён бериб келишишга мажбур бўляпти.

Шуҳрат Расул: Байден даврида АҚШнинг Хитойга қўллайдиган божлари 30 фоиз эди. Ўз навбатида, Хитойнинг Америка товарларига қўллайдиган божлари 10 фоиз эди. Икки томон ҳам тарифларни ана шу даражага қайтаришга келишди.

Хитой Америкадан кўра пастроқ, 10 фоиз бож белгилаши сабаби – бундан ортиғи Хитой иқтисодиёти учун жиддий муаммоларни келтириб чиқаради. Хитой АҚШдан озиқ-овқатлар ва бошқа муҳим товарларни харид қилади.

Савдо зиддиятини Американинг ўзи бошлади ва ўзи таслим бўлди. Трампнинг мотиви икки давлат ўртасидаги савдо дисбалансини тўғрилайман деб бошлаган эди. Лекин бу Америка ичида катта норозиликларни келтириб чиқарди. Айнан Трампга овоз берганларнинг ҳам кўпи бу урушдан зарар кўрди.

Маълумот учун: 2025 йилнинг дастлабки уч ойида АҚШ ва Хитой ўртасидаги товар савдоси ҳажми 134,5 миллиард долларни ташкил этди. Бу даврда АҚШ Хитойга 31,8 миллиард долларлик маҳсулот экспорт қилган бўлса, Хитойдан 102,7 миллиард долларлик импорт амалга оширилди.

Бектош Бердиев: Трамп шу йўл билан Хитойни тиз чўктираман деб ўйлаган эди. Лекин мана, ён беришга мажбур бўлди. АҚШ президентининг характерини ҳисобга олсак, у ҳеч қачон мен ён бердим демайди.

Трампнинг фаолиятида сиёсий мотивлар етакчи ўрин тутмайди, асосан иқтисодий келишувлар унинг учун устувор. Керак бўлса, Шимолий Корея раҳбари Ким Чен Ин билан ҳам учрашув қилади.