Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.
Ғазога ёрдам: «босқинчиларнинг ўқ ёмғири остида ўлим тузоғи»
Сўнгги 48 соат ичида Ғазода АҚШ томонидан қўллаб-қувватланадиган ва кўп танқид қилинган инсонпарварлик ташкилоти Gaza Humanitarian Foundation'дан ёрдам излаётган камида 10 нафар фаластинлик Исроил кучлари томонидан ўлдирилди. Бу ҳақда қамал остидаги Ғазо расмийларига таяниб, Al-Jazeera хабар бермоқда.
Ҳукумат баёнотида Исроил кучлари «ёрдам олиш учун йиғилган оч фаластинлик фуқароларга тўғридан-тўғри ўқ узгани» айтилган. Камида 62 киши яраланган. Ўқ узиш ҳолатлари аниқ қайси кунларда содир бўлгани ёки нечта алоҳида ҳодиса бўлгани дарҳол аниқланмаган, бироқ икки кун давомида қурбонлар бўлган.
«Бу жойлар босқинчиларнинг ўқ ёмғири остида ўлим тузоғига айлантирилди», — дейилади баёнотда. Бу воқеалар «ваҳший жиноят» сифатида баҳоланган.
Ўз навбатида, GHF чоршанба куни Ғазода режалаштирилган тўрт тарқатиш марказидан иккинчисини ишга туширганини билдирди. Бу масала Нью-Йоркдаги БМТ Хавфсизлик Кенгашининг мажлисида ҳам кўтарилди. Жазоир, Франция ва Буюк Британия вакиллари Исроилдан ёрдам етказилишига тўсиқсиз рухсат беришни сўради.
Мазкур марказлар инсонпарварлик ёрдами етказиб бериш тизимининг бир қисмидир. Бироқ БМТ расмийлари ва гуманитар ташкилотлар бу тизимни кескин танқид қилиб келмоқда. Уларнинг фикрича, агар Исроил ёрдамларга рухсат берса, малакали ташкилотлар ёрдамни хавфсиз ва кенг миқёсда етказиб бера олади.
Фаластиннинг БМТдаги элчиси Риёд Мансур Исроилни «ёрдамни уруш қуролига айлантираётганликда» айблади. Исроилнинг БМТдаги элчиси Дани Даннон эса БМТни «ёрдамга тўсқинлик қилаётганликда» айблади ва Исроилни геноцидда айблаган БМТнинг ҳуманитар масалалар бўйича раҳбари Том Флетчердан баёнотини рад этишни талаб қилди.
Ғазо соғлиқни сақлаш бўлинмаси хабарига кўра, чоршанба тонгидан бери Ғазога уюштирилган Исроил ҳужумларида камида 63 киши ҳалок бўлган. 2023 йил 7 октябрдан бери қурбонлар сони камида 54 минг кишидан ошиб кетди. Жароҳатланганлар сони эса 123 308 киши.
Ғазода атиги 17 та шифохона қисман ишламоқда, дорилар ва кислород етишмовчилиги эса жуда жиддий. Бунга қўшимча равишда, Қизил Хоч ташкилоти жанубий Ғазодаги ал-Маваси ҳудудидаги дала шифохонаси чоршанба эрталаб Исроил ўқига нишон бўлганини, бу эса беморлар орасида ваҳима ва жароҳатларга сабаб бўлганини маълум қилди.














