Исроилнинг блокададаги Ғазо секторига уюштирган ҳужумлари оқибатида ҳалок бўлганлар сони 54 510 нафарга етди.
Ғазодаги Фаластин Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, фақат охирги 24 соат ичида содир этилган ҳужумларда 40 киши ҳалок бўлган, 208 киши жароҳатланган. 2023 йил 7 октябрдан бери жами жароҳатланганлар сони 124 901 нафарга етди.
Исроил 19 январда кучга кирган ўт очишни тўхтатиш келишуви тугаган кундан бошлаб, 18 мартдан бери Ғазога ҳужумларини қайта бошлади. Ўшандан бери ҳужумларда 4240 фаластинлик ҳалок бўлди, яна 12 860 нафари яраланди.
8 кун ичида Ғазодаги ҳаво ҳужумларида 102 фаластинлик ҳалок бўлди, 490 нафари яраланди
27 майдан бери Исроил армиясининг Ғазо секторидаги гуманитар ёрдам тарқатиладиган ҳудудларга қилган ҳужумларида 102 киши ҳалок бўлди, 490 нафар фаластинлик яраланди.
Ғазо ҳукумати матбуот хизматининг маълум қилишича, АҚШ ва Исроил иштирокида ташкил этилган «Ғазо гуманитар жамғармаси» томонидан озиқ-овқат тарқатиладиган ҳудудларда фаластинликлар нишонга олинган.
Ҳисоботда Исроилнинг АҚШ-Исроил жамғармаси кўмагида ташкил этилган ёрдам тарқатиш жойларида фаластинликларга ҳужум қилиб, «тизимли геноцид» уюштираётгани таъкидланган.
«Исроил режими ёрдам тарқатиш марказларини оммавий ўлим тузоғига айлантирмоқда. Атиги саккиз кун ичида қурбонлар сони 102 нафарга, ярадорлар сони эса 490 нафарга етди», дейилади баёнотда.
Расмийлар, шунингдек, биргина Рафаҳдаги Исроил-Америка гуманитар маркази яқинида содир этилган ҳужумда 27 фаластинлик ҳалок бўлганини ва 90 дан ортиқ киши жароҳатланганини таъкидлаган, улар буни «қасддан қилинган қирғин» деб таърифлаган.
Баёнотга кўра, Исроил ҳарбийлари назорати остидаги ҳудудларда жойлашган «ёрдам марказлари» шиддатли блокада ва очликдан азият чекаётган фаластинликларни ўзига жалб қилиб, «қонли тузоқларга айланган».
Қайд этилишича, ушбу тарқатиш марказлари мустақил гуманитар ташкилотлар назорати остида эмас. Исроил тузилмалари ва Американинг хусусий хавфсизлик компанияси томонидан бошқариладиган улар «инсонпарварлик миссияси ниқоби остида қотиллик нуқталари»га айланди.

















