Черниҳив областининг Прилуки шаҳрида Россия дронларининг тунги ҳужуми оқибатида беш киши, жумладан, бир ёшли бола ҳалок бўлди. Маълум қилинишича, зарба оқибатида маҳаллий ўт ўчириш бўлими бошлиғининг рафиқаси, қизи ва невараси ҳалок бўлган, унинг ўзи бундан зарба оқибатларини бартараф этиш учун воқеа жойига етиб келганида хабар топган.

Пайшанбага ўтар кечаси Россия Украинага 103 та зарбдор дрон ва имитатор дронлар билан ҳужум уюштирди, зарбанинг асосий йўналишлари – Черниҳив, Харкив ва Одесса областлари, дея маълум қилди Украина қуролли кучлари ҳарбий-ҳаво кучлари. Уларнинг ҳисоботида 74 та дрон зарарсизлантирилгани, 16 та локацияда зарбалар қайд этилгани айтилади.

Прилукидаги фожиа

Черниҳив области ҳарбий маъмурияти раҳбари Вячеслав Чауснинг маълум қилишича, Прилукига камида олтита дрон ҳужум қилган.

«Дастлабки маълумотларга кўра, беш киши ҳалок бўлган, улардан икки нафари аёл ва бир ёшли бола вайроналар остидан топилган. Шунингдек, ҳозирча олти киши жароҳатлангани ҳақида маълумот бор. Улар касалхонага ётқизилган», – деб ёзган Чаус.

Ички ишлар вазири Игор Клименконинг ёзишича, дрон маҳаллий ёнғин хавфсизлиги бўлими бошлиғининг уйига тушган. «Унинг оиласи ҳалок бўлди. Рафиқаси. Қизи – патрул полиция ходими. Ва унинг бир ёшли ўғли», – деб ёзди Клименко телеграм-каналида.

Бошлиқнинг ўзи ўша кеча ёнғин-қутқарув экипажи билан биргаликда зарба оқибатларини бартараф этиш жойига келганди.

«Душманнинг тунги ҳужуми пайтида биз ҳамкасбимиз – полициячи Дарина Шигидани йўқотдик. У билан бирга эндигина бир ёшга тўлган ўғли ва онаси ҳам ҳалок бўлди. Даря 2020 йилда Киев полицияси сафига қўшилган. Кучли, ёрқин ва самимий. Унинг ўт ўчирувчи отаси қизини болалигидан одамларга ёрдам беришга ўргатган. Унинг турмуш ўртоғи ҳам патрул полициячиси бўлиб, хизматда доимо қўллаб-қувватлаган ва ёрдам берган», – дейилади полиция хабарида.

Полициянинг ҳалок бўлган ходими Дарина Шигида

Фавқулодда вазиятлар давлат хизмати зарба оқибатларини намойиш этган ва зарбалар туфайли турар жой секторида кенг кўламли ёнғинлар бошланганини маълум қилган.

Украина президенти Володимир Зеленский Прилукидаги ҳолат юзасидан ҳамдардлик билдирди.