РФ қуролли кучлари қаторасига иккинчи кеча Украина регионларига ракеталар ва дронлар билан ҳужум уюштирди. РФ қуролли кучларининг 7 июнга ўтар кечаси йўллаган зарбаларининг асосий нишонларидан бири Харкив бўлган. Россия 48 та дрон, бешта авиабомба, тўртта реактив снаряд ва учта ракета қўллаган ҳолда шаҳар бўйлаб ёпирилма зарбалар йўллаган, деб хабар берди област маъмурияти раҳбари Олег Синегубов. Харкив мэри Игор Терехов бу шаҳар кенг кўламли уруш бошланганидан буён учраган энг кучли ҳужум бўлганини маълум қилган.

Дронлардан бири урилиши оқибатида Харкивнинг Основянский районидаги тўққиз қаватли уй жиддий шикастланган. Ҳужум туфайли еттинчи, саккизинчи ва тўққизинчи қаватлардаги 12 квартирада ёнғин чиққан, ёнғиннинг жами майдони 600 метр квадратни ташкил этган. Харобалар остидан бир аёл чиқариб олинган.

Харкивда Россия дрони зарбасидан шикастланган турар жой биноси, 2025 йил 7 июн
Vitalii Hnidyi / Reuters / Scanpix / LETA

Украина расмийларига кўра, ҳужум оқибатида Харкивдаги корхоналардан бирида йирик ёнғин содир бўлган, олов 10 метр квадрат майдонни қамраб олган. Област маъмурияти хабар беришича, корхонага жами 40 дрон, тўртта авиабомба ва битта ракета қўллаган ҳолда ҳужум уюштирилган. Тўртта цехга зарба келиб тушган. Вайроналар остида одамлар қолган бўлиши мумкин, област прокуратурасига кўра, олти киши ичкарида қамалиб қолган.

Sofiia Gatilova / Reuters / Scanpix / LETA

Област маъмурияти маълумотларига кўра, Харкивга зарба натижасида жами бўлиб иккита кўп қаватли уй, иккита хусусий уй, иккита корхона, иккита автомобил, маъмурий бино ва болалар мусиқа мактаби зарар кўрган.

Сўнгги маълумотларга кўра, Харкивда уч киши ҳалок бўлган, 21 киши, жумладан, бир чақалоқ ва 14 ёшли қиз жароҳатланган. Харкив областининг Купянск шаҳри ўққа тутилиши вақтида тинч аҳоли вакили бўлган 64 ёшли киши яраланган.

Харкивдаги корхона Россия ҳужумидан кейин
Sergey Bobok / AFP / Scanpix / LETA
Харкивда Россия зарбасига учраган заводда чиққан ёнғин