DW хабарига кўра, 13 октябрга ўтар кечаси Россия Украинага яна кенг кўламли зарба берган. Харкив мэри Игор Терехов шаҳарда 3 киши ҳалок бўлгани ва яна 11 киши жароҳатланганини маълум қилган.
Украина Фавқулодда вазиятлар давлат хизматига кўра, зарбалар Харкивнинг Холодногорск ва Шевченко туманларидаги тураржой мавзелари ҳамда фуқаролик инфратузилмаси объектларига тўғри келган.
Ракеталардан бири тўрт қаватли уйга урилиб, унинг бир подъездини бутунлай вайрон қилган. Вайроналар остида одамлар бўлиши мумкинлиги сабабли қутқарув ишлари давом этмоқда.
12 октябр оқшомида Россия қўшинлари Киевга ҳам баллистик ракеталар ва дронлар билан ҳужум қилган.
Шаҳар мэри Виталий Кличконинг маълум қилишича, Дарница туманида дрон 25 қаватли уйнинг 12–16-қаватлари оралиғига урилган. Ҳужум оқибатида 2 киши ҳалок бўлган, яна 11 киши жароҳатланган.
Киев шаҳар прокуратурасига кўра, ҳалок бўлганлар — 59 ёшли аёл ва ҳужумга учраган кўп қаватли уй ёнидаги автомобилда бўлган яна бир киши.
Киевга баллистик ракеталар билан такрорий зарба ҳам берилган. Украина Қуролли кучлари Ҳаво кучлари Россия ҳудудидан ракеталар учирилгани ҳақидаги маълумот ўз вақтида келиб тушмагани сабабли ҳаво ҳужуми хавфини олдиндан эълон қила олмаганини билдирган.
Ҳарбийларнинг маълум қилишича, баллистик нишонлар радарлар орқали бевосита Киевга ҳужум вақтида аниқланган. Ҳодиса сабаблари ўрганилмоқда.














