Америка Қўшма Штатларининг Вашингтон шаҳрида бўлиб ўтган Глобал экологик фонд (ГЭФ) кенгашининг 69-йиғилишида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев бошчилигида экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши соҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва уларнинг самарали натижалари дунёнинг етакчи донор давлатлари эътиборига тақдим этилди.
Кенгашда нутқ сўзлаган Ўзбекистон экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов давлат раҳбари томонидан бир қатор муҳим экологик ташаббуслар, хусусан, Орол денгизининг қуриб қолган тубида кенг кўламли ўрмонзорлаштириш кампанияси олиб борилаётгани, бугунги кунгача 2 миллион гектар майдон яшил ҳудудга айлантирилгани, «Яшил макон» умумхалқ лойиҳаси доирасида ҳар йили 200 миллион туп дарахт экилаётгани ва яшил ҳудудларни 30 фоизгача ошириш мақсад қилинаётгани, 2030 йилга бориб «яшил» энергия улушини 54 фоизга етказиш режалаштирилгани, қайта тикланувчи энергияга ва нол чиқиндили транспортга ўтиш рағбатлантирилаётганини таъкидлади.
Вазир, шунингдек, кенгаш иштирокчилари эътиборини Ўзбекистонда қонунчиликда атроф-муҳитни асрашга қаратилган қатор ўзгартиришлар киритилгани ҳамда экологик таълим сифати оширилаётганига қаратди. Жумладан, Ўзбекистон Конституцияси янгиланиб, атроф-муҳитни асраш борасидаги моддалар билан бойитилди, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс ва табиатни муҳофаза қилишга қаратилган бошқа ҳужжатлар экологик барқарорликни янада мустаҳкамлаш мақсадида такомиллаштирилди.
Бундан ташқари, айнан давлат раҳбари ташаббуси билан Тошкентда Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университети (Green University), Ўзбекистон президенти ҳузурида Иқлим кенгаши ва миллий иқлим маркази ташкил этилди. 2025 йил эса «Атроф-муҳитни асраш ҳамда яшил иқтисодиёт йили» деб эълон қилинди. Бундан ташқари, БМТ Бош Ассамблеясининг қатор резолюциялари, жумладан, 2027–2036 йиллар оралиғида ўрмон ва ерларни тиклашга оид резолюция илгари сурилмоқда.
Кенгашда 2026 йилда ГЭФнинг 8-ассамблеяси ва ГЭФ кенгашининг 71-йиғилиши Самарқандда ўтказилиши ҳақида қарор қабул қилинди. Ўз навбатида, Азиз Абдуҳакимов Ўзбекистон ҳукумати номидан чуқур миннатдорчилик билдириб, ГЭФ кўмагида Ўзбекистоннинг экологик кун тартибини шакллантиришда муҳим ютуқларга эришилгани ва ҳамкорликни давом эттиришга умид билдиришини айтиб ўтди.
Тадбирда айнан Ўзбекистоннинг экологик фаоллиги ва ташаббуслари туфайли жаҳон ҳамжамияти Марказий Осиёдаги иқлим ўзгариши сабабларига қарши кураш ва оқибатларини юмшатиш масаласига эътибор қаратаётгани қайд этилди. Хусусан, Самарқандда бўлиб ўтадиган навбатдаги тадбирларда йирик донор давлатлар минтақадаги экологик муаммоларга ечим топиш мақсадида бирлашади.
















