Келаси йил ёзда АҚШ, Канада ва Мексика майдонларида бўлиб ўтадиган Жаҳон чемпионатида миллий жамоаларга бериладиган мукофот пулининг умумий суммаси 896 млн долларни ташкил этади. Бу – тарихда кузатилмаган рекорд кўрсаткич. Хўш, Ўзбекистон миллий жамоаси мусобақада қатнашиш орқали қанча пул ишлаб топади?

Келаси йил мана шу кунларда ўзбекистонлик футбол мухлислари ўз орзуларининг рўёбига гувоҳ бўлади: миллий жамоа Жаҳон чемпионатида дебют қилади. Kun.uz бу дебютнинг молиявий жиҳатларига эътибор қаратди: хўш, футбол бўйича энг нуфузли мусобақада қатнашиш Ўзбекистон футболига қанча даромад келтиради?

Охирги мундиалда миллий жамоаларга қанча тўланган?

Қатарда ўтказилган 2022 йилги жаҳон чемпионатида миллий жамоаларга берилган мукофот пулининг умумий суммаси 440 млн долларни ташкил этганди. Бу ҳозиргача қайд этилган энг юқори кўрсаткич. 3 йил олдин иштирокчиларнинг ҳар бири қуйидагича миқдорларда мукофотланган:

  • Гуруҳ босқичидан ўта олмаган жамоалар – 9 млн доллар;
  • Нимчорак финалчилар – 13 млн доллар;
  • Чорак финалчилар – 17 млн доллар;
  • 4-ўрин (Марокаш) – 25 млн доллар;
  • 3-ўрин (Хорватия) – 27 млн доллар;
  • 2-ўрин (Франция) – 30 млн доллар;
  • Жаҳон чемпиони (Аргентина) – 42 млн доллар.

Ҳар бир миллий жамоага тайёргарлик жараёни учун ҳам 1,5 млн доллардан ажратилган.

Бундан ташқари, ФИФА Жаҳон чемпионати пайтида футболчиларини миллий жамоаларга юборган клублар учун алоҳида компенсация тўлайди. Хусусан, Қатардаги мундиалда бу миқдор умумий 209 млн долларни ташкил этиб, пул 400 дан ортиқ клубга тарқатилган. Бунда клубларга ҳар бир футболчи учун кунига 10 минг доллар атрофида пул тўланган. Бу пуллар футболчининг нафақат ҳозирги, балки сўнгги 2 йилда ўйнаган барча клубларига тақсимланган.

Рекорд янгиланади

АҚШ, Канада ва Мексика майдонларида ўтказиладиган 2026 йилдаги мусобақа иштирокчилар сони 32 та эмас, илк марта 48 та бўлади. Жамоалар 4 тадан бўлиб, 12 та гуруҳга бўлинади, ҳар бир гуруҳнинг ғолиби ва иккинчи ўрин соҳиби, шунингдек, учинчи ўринни эгаллаган 8 та энг яхши жамоа кейинги босқичга ўтади. Шу жиҳатдан, умумий ўйинлар сони ҳам 64 тадан 104 тага кўпаяди.