Исроил душанба куни эрталаб Эронга қарши янги ҳужум тўлқинини бошлади. Бу ҳақда New York Times нашри хабар бермоқда.

Исроил ҳарбийлари душанба тонгида берган баёнотда марказий Эрондаги ракета учириш майдонларига зарба бераётганини билдирди ва исроилликларни бошпаналарга яқин жойда қолишга чақирди. Бу эса Эрон томонидан кутилаётган ҳужум ҳақида огоҳлантирувчи белги ҳисобланади.

Исроил Мудофаа Армияси (IDF)нинг маълум қилишича, мамлакат ҳарбий-ҳаво кучлари Эрон марказий ҳудудидаги «ер-ер» туридаги ракета учириш қурилмаларига зарбалар бера бошлаган.

Исроил қирувчи самолётлари Теҳрондаги Шаҳрон нефт сақлаш базасига ҳамда Эрон мудофаа вазирлиги биносига авиазарбалар йўллаган. Ҳужум нишони мудофаа вазирлиги штаб-квартираси бўлган. Tasnim агентлиги мухбирининг маълум қилишича, вазирликнинг офис биноларидан бирига бироз зарар етган.

Шунингдек, ЦАХАЛ баёнотига кўра, Исроил ҳарбийлари Эрон томонидан учирилган 100 дан ортиқ дронни тўхтатишга муваффақ бўлган. Исроил армиясининг Ички Мудофаа Қўмитаси (Home Front Command) душанба куни эрта тонгда яна бир бор аҳолини бошпаналарда қолишга чақирди. Бу эҳтимолий Эрон ҳужуми арафасида содир бўлган.

Ўз навбатида, Эрон Ислом муҳофизлари корпуси Исроилнинг разведка марказларига зарба берганини эълон қилди. Эрон давлат телевидениеси 100 дан ортиқ ракета (уларнинг турига аниқлик киритилмаган), шунингдек, дронлар учирилганини маълум қилди. Тел-Авив ва Ҳайфа шаҳарлари асосий нишонлар бўлди. Хайфада ракета белгиланган нишонга келиб урилган.

Бундан ташқари, Исроилнинг «Rafael» қурол-яроғ ишлаб чиқарувчи компаниясига қарашли завод ҳам Эрон томонидан нишонга олинган.

Бу ҳужумлар якшанба куни Эрон ва Исроил бўйлаб кўплаб жойларга уюштирилган авиазарбалардан сўнг амалга оширилди. ОАВда тарқалган хабарларга кўра, Теҳрондан чиқадиган йўллар якшанба куни тирбанд бўлган. Аҳоли ёнилғи қуйиш шохобчаларида навбатлар юзага келгани ва баъзилар чамадон кўтариб, такси тўхтатишга уринганини айтмоқда.

Эрон соғлиқни сақлаш вазирлиги вакили Ҳоссеин Керманпоур ижтимоий тармоқларда ёзишича, жума кунидан бери Исроилнинг ҳужумлари оқибатида 224 киши ҳалок бўлган, яна 1 277 киши яраланган. У Исроилнинг ҳарбий объектларни нишонга оляпмиз, деган даъволарини рад этди ва жабрланганларнинг аксарияти оддий фуқаролар эканини таъкидламоқда.