Ижтимоий тармоқларда кенг реклама қилинган “Бадавлат аёл” онлайн лойиҳаси атрофида норозиликлар ортиб бормоқда. Курсларни бўлиб тўлашга сотиб олган, лекин кейин хафсаласи пир бўлган қатнашчилар Uzum Nasiya'даги тўловлар тўхтамаслигидан шикоят қилмоқда. Лойиҳа вакили Kun.uz билан суҳбатда барчасини рад этди. Рақобат қўмитаси одамларни бу лойиҳага эҳтиёткор қарашга чақирди.
Ижтимоий тармоқларда кенг тарғиб ва реклама қилинган “Бадавлат аёл” лойиҳаси иштирокчилари лойиҳа юзасидан норозиликларини билдирмоқда.
“Бадавлат аёл” қандай лойиҳа?
“Бадавлат аёл” лойиҳаси бизнес, психология, оилавий муносабатлар бўйича 50 га яқин тренерлар иштирокида бир йиллик онлайн дарсларни тақдим этади. Натижалар “кафолатланган”, пул топиш имкониятлари ваъда қилинган. Дарслар ҳафтада 3 марта онлайн олиб борилган, рўйхатдан ўтиш ҳам онлайн қилинган. Лойиҳанинг юзи сифатида таниқли актриса Райҳон Уласенова жалб этилган ва бу кўпчиликда ишонч уйғотиб, қатнашишга ундаган. Аммо актриса билан боғланишнинг имкони бўлмади, лойиҳа бошқарувчилари бу масалада унинг иштироки йўқлигини ва саволларга ўзлари жавоб беришларини таъкидлашди.
Аёллардан иборат тингловчилар аудиториясининг баъзилари тўлиқ тўлов қилган бўлса, баъзилари курсни Uzum Nasiya орқали бўлиб тўлашга сотиб олишган. Аммо вақт ўтиб, дарсларда керакли натижани кўрмаган мижозлар афсуслана бошлаган. Лекин улар Uzum Nasiya'га ҳар ойда тўлов қилишни давом эттиришга мажбур: шартномани бекор қила олишмаган.
“Шартнома қилиб бўлгандан кейин бутунлай бошқа одамга айланиб олишаркан”
Kun.uz'га мурожаат қилганлардан бирининг ҳикояси:
— “Бадавлат аёл лойиҳасига Instagram орқали Райҳон Уласенова реклама қилгандан кейин қизиққанман. Менежер: “Ўзи аслида бу лойиҳа нархи миллиондан ошиқ, сизга чегирма қилиб бера оламиз, 800 минг тўлови бўлади. Тўлиқ тўлай олмасангиз, Uzum Nasiya орқали ҳам ойма-ой тўласангиз бўлади. Бир ой мобайнида зўр дарслар бўлади, зўр ривожланасиз, соҳангизни ҳам ривожлантирасиз”, деди.
Жуда ҳам ишонарли қилиб ваъда беришди, гапиришди. Кейин курсга қатнашдим. Дарслар бошланди. Ҳар куни кечқурун соат 8 да бир соат жонли эфир орқали дарс бўлар экан. Тўғрисини айтсам, умуман кўнглим қолди. Эшитдим, дарслар умуман маънисиз, бемаъни нарса. Ёш бола қилиб ўтирибди ҳаммани. Мен қатори кўпчиликка ёқмади бу.















