Ўзбекистон президентини расмий кутиб олиш маросими
Дастлаб Шавкат Мирзиёевни расмий кутиб олиш маросими бўлди. Давлат раҳбари ва рафиқасини Мўғулистон президенти Ухнаагийн Хурэлсух рафиқаси билан кутиб олди. Сухэ-Ботир майдонида олий мартабали меҳмон шарафига фахрий қоровул саф тортди. Ҳарбий оркестр ижросида икки давлат мадҳиялари янгради. Президентлар фахрий қоровул сафи олдидан ўтиб, расмий делегациялар аъзоларини қутлади.
Маросимдан сўнг Ўзбекистон президенти Мўғулистон Давлат саройидаги Фахрий меҳмонлар китобида қайд ёзиб қолдирди. Биргаликда суратга тушилгач, олий даражадаги музокаралар бошланди.

Мирзиёев ва Хурэлсухнинг музокаралари
Мўғулистон Давлат саройида Шавкат Мирзиёев ва Ухнаагийн Хурэлсухнинг тор доирадаги ва расмий делегациялар иштирокидаги музокаралари бўлиб ўтди. Ўзбекистон-Мўғулистон дўстлик ва кўп қиррали ҳамкорлик муносабатларини янада ривожлантиришнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди.
Музокараларда иқтисодий кооперацияни чуқурлаштиришга алоҳида эътибор қаратилди. Яқин йилларда ўзаро савдони, энг аввало, талаб юқори бўлган маҳсулотлар номенклатураси ва ҳажмини ошириш ҳисобига каррасига кўпайтириш учун салмоқли салоҳият мавжудлиги қайд этилди.
Шу мақсадда имтиёзли савдо ва инвестицияларни ҳимоя қилиш тўғрисидаги битимларни қабул қилишни тезлаштириш муҳимлиги таъкидланди.
Давлат раҳбари иқтисодиётнинг муайян тармоқларида саноат кооперациясини чуқурлаштириш муҳимлигини таъкидлади. Ҳамкорликнинг қатор истиқболли йўналишлари устувор этиб белгилаб олинди. Қўшма кластерлар ташкил этиш, гўшт-сут, жун ва чарм маҳсулотларини қайта ишлаш ва ишлаб чиқариш бўйича кооперация лойиҳаларини илгари суриш асосида қишлоқ хўжалигида комплекс ҳамкорликни чуқурлаштиришдан манфаатдорлик билдирилди.

Транспорт жиҳатидан ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш ва янги логистика йўналишларини ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Йил якунига қадар пойтахтлар ўртасида тўғридан тўғри авиақатновларни йўлга қўйиш режалаштирилган. Денгизга чиқиш имконияти бўлмаган мамлакатлар учун халқаро таҳлил институти билан биргаликда энг қисқа ва самарали транспорт йўлакларини аниқлаш бўйича амалий тадқиқотлар ўтказиш таклифи билдирилди.
Олий таълим муассасалари ўртасидаги ҳамкорликни фаол ривожлантириш, ажратилаётган квоталар доирасида мўғул ёшларининг Ўзбекистондаги олий таълим муассасаларида таълим олишини қайта тиклашга келишиб олинди. Эришилган келишувларни ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш бўйича "йўл харитаси"ни қабул қилиш юзасидан аҳдлашилди.













