27 июнь матбуот ва ОАВ ходимлари куни. Kun.uz медиа-макондаги айни вазият, муаммолар ҳақида гаплашиш учун матбуот вакилларини студияга таклиф қилди. Журналист бўлиб ишлаш ҳар қачонгиданда қийин, масъулият ва мажбуриятни ҳис этиб, ҳақиқат ва адолат ўртасида турамиз, дейди йиғилганлар. Сиёсатшунос фикрича, давлатнинг медиа ва омма билан мулоқот қилиш тажрибаси йўқлиги учун амалдор ва расмийлар ҳали-ҳануз ОАВсиз ўзини қулай ҳис этмоқда.

Журналист бўлиб ишлаш – қисмат. ОАВ ходимлари ўзи журналистикани эмас, соҳа уларни танлаганини кўп айтади. Матбуот вакили сифатида фаолият юритиш - бугунги дунёда ҳар қачонгидан-да қийин, бироқ шарафли. Ўзбекистонда иккинчи маъмурият сўз эркинлиги борасида кўрсатгулик натижаларга эришганини айтса-да, вазифалар анча эканини ҳам тан олади. Kun.uz билан суҳбатлашганлар фикрича, даставвал тоталитар, кейин авторитар тизим остида яшаган жамият учун ҳозирги давр сўз эркинлигига эришиш томон бир босқич.

“UzReport TV” телеканали катта муҳаррири Дилафруз Кулматованинг айтишича, журналист кучли қурол.

“Дунёда минг хил касб бор, маълум ўқитувчи қайсидир фандан дарс беради, шифокор ҳам қайсидир соҳа устаси бўлиб, даволайди. Лекин журналист ҳамма нарсани тушуниши керак, керак бўлса тиббиёт диагностикасини ҳам. Биз кучли қуролмиз, лекин масъулият ва мажбуриятимизни доим ёдда тутамиз” – Дилафруз Кулматова, “UzReport TV” телеканали катта муҳаррири

Сиёсатшунос Камолиддин Раббимовга кўра, ОАВнинг ҳукуматга нисбатан жамоатчилик кайфиятини шакллантириши ва танқидларни пайдо қилиши – мутлақ нормал ҳолат. Танқид ҳеч кимга ёқмайди, ривожланган-демократик жамиятларда ҳар қандай қулайлик қисқа муддатдан сўнг стандартга айланади. Ҳукумат ана шу танқидларга кўникиши ва нормал қабул қилиши керак, шу босқичга етгач ижтимоий шок ҳолатлари кузатилмайди.

Узоқ йиллар давлат идорасида матбуот хизмати раҳбари бўлган Дилдора Ҳошимованинг таъкидлашича, ҳамма нарса мулоқотдан бошланади, матбуот хизматлари маълум идора ва ОАВ ўртасида кўприк эканини унутмаслиги лозим. Агарда матбуот котиблари нотўғри маълумот берса, ўз идорасидаги жараёндан бехабар бўлса, журналистлар билан тушунарсиз маълумотлар алмашса – шу идорага нисбатан қарашнинг салбий шаклланишига сабабчи бўлиб қолади.

Суҳбатда қатнашганлар фикрича, матбуотда профессионал кадрларнинг етишмаслиги, матбуот хизматларининг тўғри мулоқотни йўлга қўёлмагани, расмийларнинг турли эҳтимолий хавфлардан қўрқиши – бугунги асосий муаммолардан. Матбуот хизматлари жамоатчилик ва одамлар билан тинимсиз гаплашавериши керак, дейди сиёсатшунос Раббимов.