Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.

Ғазода ҳам сулҳ бўладими?

Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу Эрондаги ҳарбий операцияларидан сўнг «кўплаб имкониятлар очилганини», жумладан, Ғазода асирликда қолаётган гаровдагиларни уйга қайтариш имконияти ҳам юзага келганини айтди.

«Эҳтимол, биласиз, бу ғалабадан сўнг ҳозир кўплаб имкониятлар очилди. Аввало, гаровдагиларни қутқариш. Албатта, биз Ғазо муаммосини ҳам ҳал қилишимиз, ҲАМАСни енгишимиз керак, аммо мен ҳар иккала вазифани бажаришга ишонаман», — дея Нетаняҳунинг сўзларини келтирмоқда CNN.

Нетаняҳунинг бу изоҳи гаровдагиларни озод қилишни ҲАМАСни тор-мор этишдан устун қўйганини очиқ айтган илк ҳолатлардан биридир. Бир неча ойлар давомида Нетаняҳу Ғазодаги ҲАМАСни мағлуб этишни асосий мақсад сифатида кўрсатиб келган ва «тўлиқ ғалаба» ҳақида гапирган эди.

Нетаняҳунинг баёнотлари АҚШ президенти Доналд Трампнинг Исроилдан сулҳга эришишни талаб қилаётган бир пайтда янгради. Эрон билан уруш якунлангач, воситачилар ҲАМАС билан Ғазода музокараларни тиклашга уринмоқда.

Хусусан, якшанба оқшомида Нетаняҳу Ғазо бўйича юқори даражадаги учрашув ўтказди, дея хабар берди икки исроиллик манба. Унда у стратегик ишлар вазири Рон Дермер, мудофаа вазири Исраэл Кац ва бошқа энг яқин маслаҳатчилари билан Исроилнинг Фаластин анклавига нисбатан ҳарбий операцияси бўйича сўнгги вазиятни муҳокама қилди.

Душанба куни Дермер Вашингтонда Трамп маъмурияти вакиллари билан учрашувлар ўтказиши кутилмоқда. Трамп Ғазодаги урушни тугатиш ва ҲАМАС қўлида асирликда қолаётган, камида 20 нафари тирик бўлган 50 гаровдаги шахсни уйга қайтариш мақсадида сулҳ битимига эришишни истаётганини очиқ билдирган.

Якшанба куни эрталаб ижтимоий тармоқларда «ҒАЗОДА КEЛИШУВГА ЭРИШИНГ. ГАРОВДАГИЛАРНИ ҚАЙТАРИНГ!!!» деган пост қолдирди.

ҲАМАС доимий сулҳ бўйича қатъий кафолатлар талаб қилмоқда. Ҳозиргача Исроил бу каби шартларга рози бўлмай келган, чунки унинг мақсади ҲАМАСни ҳукуматдан четлатиш ва Ғазони қуролсизлантириш эди. Аммо Эрон билан уруш бу борадаги музокаралар учун янги имконият ойнасини очган бўлиши мумкин ва воситачилар айнан шу имкониятдан фойдаланишга уринмоқда.

Фаластин соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, уруш бошланганидан бери Исроил зарбалари ва ҳарбий операциялари оқибатида 56 000 дан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлган, уларнинг 17 000 дан ортиғи болалар экани айтилмоқда.