1 июл куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси мажлисида бўш қолган ер майдонлари учун фермерларга жавобгарликни кучайтиришни назарда тутувчи қонун лойиҳаси муҳокама қилинди. Айрим депутатлар ғояни қўллаб-қувватлади, бошқалари эса қонунчиликка киритилаётган янги ўзгаришлар фермерларни қийин молиявий ҳолатга солиб қўйиши мумкинлигини таъкидлашди.

Қонун лойиҳасида нималар кўзда тутилган?

Қишлоқ хўжалиги вазирининг ўринбосари Қаҳрамон Йўлдошевга кўра, қонун лойиҳаси президентнинг 2024 йил 30 декабрдаги “Қишлоқ хўжалиги майдонларида қўшимча имкониятлардан фойдаланган ҳолда маҳсулот етиштириш ҳажмини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида ишлаб чиқилган.

Вазир ўринбосарининг сўзларига кўра, бугунги кунда 30 минг гектардан ортиқ майдонда йил давомида дала четларига экин экилмай, маҳсулот етиштирилмайди. Бу аҳолини озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашга ҳам, бозорлардаги нарх-навога ҳам салбий таъсир кўрсатяпти.

Қаҳрамон Йўлдошев

Шу сабабли Солиқ кодекси ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўзгартиришлар киритиш, хусусан, Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлигини дала четлари, каналлар, суғориш ва коллектор-дренаж тармоқлари атрофидаги майдонларда тегишли қишлоқ хўжалиги экинларини экиш ёки маҳсулот етиштириш ҳисобини юритиш ва назорат қилиш бўйича ваколатли орган этиб белгилаш таклиф этиляпти.

Қонун лойиҳасига кўра, ҳар йили 1 апрелга қадар бундай ҳудудларда экин экиш ёки маҳсулот етиштириш таъминланмаса, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчиларга ўзларига тегишли барча қишлоқ хўжалиги ерлари учун ер солиғини 3 баравар миқдорда ҳисоблаш назарда тутиляпти.

Шунингдек, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларидан фойдаланувчилар, ижарачилар ва иккиламчи ижарачилар экин майдонлари четларига, каналлар, суғориш ва коллектор-дренаж тармоқлари атрофидаги майдонларга экин экиш ва маҳсулот етиштириш мажбуриятларини бажармаган тақдирда, уларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 бараваридан 7 бараваригача, мансабдор шахсларга эса 7 бараваридан 10 бараваригача жарима солиниши мумкин.