Жаҳон | 15:30 / 14.07.2025
5569
2 дақиқада ўқилади

Германиялик эр-хотин Калининград яқинида сувости кемасини кўрганини хабар қилди

Германиялик эр-хотин Шеканларнинг сўзларига кўра, Россиянинг эксклюзив иқтисодий зонасида уларнинг елканли яхтасини белгилари бўлмаган сувости кемаси кузатиб борган.

Фото: Dainius Labutis / Delfi

Тахминларга кўра, Россия сувости кемаси Россия Федерациясининг Калининград яқинидаги эксклюзив иқтисодий зонасида кичик елканли яхтани тахминан ярим соат давомида кузатиб борган, у ерда германиялик эр-хотин Герд ва Анке Шекан Полшанинг Владиславов шаҳридан Литванинг Клайпеда портига кетаётган эди. Der Tagesspiegel газетаси 13 июл, якшанба куни немис яхтачиларига таяниб хабар беришича, сувости кемасида ҳеч қандай ёзув ва миллий рамзлар бўлмаган, у билан радио алоқа ўрнатишга уринишларга жавоб бермаган.

Нашрнинг таъкидлашича, воқеа июн ойи охирида содир бўлган. Германиялик саёҳатчиларнинг яхтаси Malö 40 Emaloca Россиянинг эксклюзив иқтисодий зонасидан ўтаётган эди. У шундай қилиш ҳуқуқига эга, чунки ўн икки милялик зонадан фарқли ўлароқ, у давлатнинг суверен ҳудуди ҳисобланмайди ва бу ерда кемаларга эркин ўтишга рухсат берилади.

Нашрдан маълум бўлишича, Шеканлар аввал қора тутунни, сўнгра яхтага ўткир бурчак остида яқинлашаётган сувости кемасининг кулранг рубкасини кўрган. Кемалар орасидаги масофа бир денгиз милясигача қисқарганида, Герд Шекан сувости кемаси билан боғланишга ҳаракат қилди, аммо жавоб олмади. Кейин немислар яхтани орқага буриб, сувости кемасига эргашмоқчи бўлди, лекин ўша пайтда у тўсатдан тўхтади ва саёҳатчилар аввалги йўналишига қайтишга ҳаракат қилганда, у параллел курсда уларни кузатиб борди. Ярим соатлик шундай таъқибдан сўнг сувости кемаси бирдан бурилиб кетди, дейди Der Tagesspiegel суҳбатдошлари.

Саёҳат давомида Шеканлар жуфтлиги уфқда кулранг ҳарбий кемаларни бир неча бор кўрган, бироқ уларнинг ҳеч бири уларнинг яхтасига эътибор бермаган, дейилади мақолада. Немис саёҳатчиларининг сўзларига кўра, Клайпедада маҳаллий яхтачилар руслар уларни «безовта қилгани» ёки йўқлигини сўраган — бундай ҳодисалар ушбу минтақада «янги норма»га айланган, деб ёзади немис нашри.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид