Жаҳон | 08:10 / 17.07.2025
2322
2 дақиқада ўқилади

Россия ҳукумати хорижликларнинг акцияларни қайтариб сотиб олишига тақиқни маъқуллади

Россия ҳукумат комиссияси Россияни тарк этган хорижий компаниялар учун ўз бизнесини қайтариб сотиб олиш имкониятларини бекор қилиш ғоясини қўллаб-қувватлади, бироқ бир қанча шартларни қўшди, деб ёзади «Ведомости».

Фото: Vyacheslav Prokofyev/TASS/dpa/picture alliance

Россия ҳукуматининг қонунчилик фаолияти бўйича комиссияси қонун лойиҳасига Россияни тарк этган хорижий компанияларга ўз бизнесини қайтариб сотиб олиш вариантларини бекор қилиш имконини берувчи тузатишларни қўллаб-қувватлади. Бу ҳақда «Ведомости» газетаси хабар берди.

Ҳужжатда айтилишича, қайта сотиб олишни тақиқлаш активларнинг янги эгаси ҳам, Россиянинг тегишли идоралари томонидан ҳам амалга оширилиши мумкин. Опционларни бекор қилиш тўғрисидаги даъволар, ҳатто низоларни кўриб чиқиш хорижий суд ва халқаро тижорат арбитражининг ваколатига киритилган ҳолларда ҳам, Москва вилояти арбитраж суди томонидан кўриб чиқилади. Қонун лойиҳасига, шунингдек, президент фармонига чет элликларнинг акцияларни қайтариб сотиб олиш ҳуқуқини бекор қилишнинг қўшимча шартларини белгилашга рухсат берувчи банд ҳам киритилган.

«Ведомости» нашрининг ёзишича, янги қоидалар асосан истеъмол секторидаги компаниялар – умумий овқатланиш корхоналари, озиқ-овқат ишлаб чиқарувчилар ва чакана савдо тармоқларига тааллуқли. Бошқа ҳолларда, ёндашув индивидуал бўлади: хорижий бизнесни қайтариш шартлари Россия президентининг алоҳида фармони билан белгиланади.

Қонун лойиҳаси 28 май куни Россия Давлат думаси ялпи мажлисида иккинчи ва учинчи ўқишда кўриб чиқилиши керак эди. Бироқ ҳужжатни кўриб чиқиш уни қайта ишлаш тўғрисида қарор қабул қилингани сабабли кейинга қолдирилди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид