Тоғлар орасида, сув омбори атрофида бутун бошли курорт-шаҳар қуриш учун экологик рисклардан ташқари, сел-сув тошқинлари ва кўчки хавфига ҳам баҳо бериш, келажакда сув сатҳи ҳозирги даражада сақланиб қоладими деган саволга жавоб топиш керак бўлади, дейди иқлимшунос Эркин Абдулаҳатов. Экология вазири маслаҳатчиси Расул Кушербаевга кўра, инвестор лойиҳавий ҳужжатларни ҳали тақдим этмаган.
Чорвоқ сув омбори бўйида озарбойжонлик тадбиркор Эмин Агаларовнинг “Sea Breeze Uzbekistan” лойиҳаси асосида курорт шаҳарча қурилиши кутилмоқда. Ижтимоий тармоқларда лойиҳага жуда кўп эътирозлар янграмоқда. Шунга қарамай, ҳукумат ва инвестор ўртасида шартнома имзолаб бўлинган, Тошкентда бу қурилиш лойиҳасининг сотув офиси ташкил этилаётгани ҳақида маълумотлар бор.
Kun.uz бу борадаги саволлар билан иқлимшунос Эркин Абдулаҳатов ва экология вазири маслаҳатчиси, жамоатчилик фаоли Расул Кушербаев билан суҳбат ташкил этди. Бу суҳбатга таклиф этилган Қурилиш вазирлиги ва “Ўзсувтаъминот” вакиллари унда иштирок этишмади.
Тоғ бағрида ва сув бўйида курорт-шаҳар қурилиши нимаси билан хавфли?
Лойиҳа ташаббускорлари фаол қурилиш ишларини тез орада бошлашга тайёрлигини айтмоқда. Ваҳоланки, иқлимшунос Эркин Абдулаҳатовга кўра, қурилишни бошлашдан олдин ҳудуднинг ваъда қилинаётган мастер-режасини сифатли ишлаб чиқишнинг ўзига камида 6 ой вақт керак.
“Сел-сув тошқинлари ва кўчкилар хавфи баҳоланиши керак. Яшил майдонни қуруқ тақир ҳудудга айлантириб, ер ўзлаштирганингиздан кейин, кўчки хавфи кучаяди, чунки у жойни илдиз қопламалари ушлаб турибди. Чорвоқ – Ўзбекистондаги энг кўп ёмғир ёғадиган ҳудуд ҳисобланади. Йил давомида бунчалик кўп ёмғир ёғадиган жой Ўзбекистон ҳудудида йўқ.
Ўз-ўзидан тушунарлики, агар бу бизнес олимларнинг узоқ муддатли хулосалари, техник шартлари, муҳандислик хулосалари асосида барпо этилмаса, афсуски, бу лойиҳа узоқ йил давом этмайди”, – дейди иқлимшунос.
Абдулаҳатов, шунингдек, узоқ муддатли прогнозлар билан ҳисоблашишга чақирди: масалан, музликлар эриб бориши билан сув омбори сатҳини ҳозиргидек даражада сақлаб туриш келгусида қийин бўлиб қолиши мумкин.














