Ҳужжат мамлакатда нефтнинг янги манбаларини излаб топиш, қазиб олиш ва қора олтин импортига қарамликни камайтиришга йўналтирилган бўлиб, қиймати тахминан 1 млрд доллардан зиёд бўлиши таъкидланмоқда.
24 июл куни Ўзбекистон Энергетика вазирлиги, Озарбойжон Давлат нефт компанияси (SOCAR) ва “Ўзбекнефтгаз” АЖ ўртасида маҳсулот тақсимоти бўйича битим (PSA) имзоланди. Унинг доирасида Устюрт нефт-газ ҳудудида геологик қидирув ишлари олиб борилади ва кейинчалик углеводородларни қазиш йўлга қўйилади.
SOCAR компанияси Ўзбекистон ҳудудидаги нефт ва газ конларини ўрганиш, қазиб олиш ҳамда қайта ишлаш жараёнларида бевосита иштирок этади. Бунда ишлаб чиқарилган маҳсулот миқдори икки томон ўртасида келишилган улушга кўра тақсимланади. Мазкур тизим энергетика соҳасида халқаро тажрибада кенг қўлланадиган механизм бўлиб, ресурсларни самарали бошқариш имконини беради.
“Инвесторлар қаторида “Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамияти ва SOCAR компанияси тенг улуш билан иштирок этмоқда. Бу лойиҳа, биринчи навбатда, геология-қидирув ишларини жадаллаштириш ва унинг асосида Устюрт минтақасининг олтита массивида йирик нефт захираларини аниқлашга қаратилган.
Устюрт ҳудудида айни вақтда мавжуд қудуқлардан чуқурроқ жойлашган қатламларни қидирмоқдамиз, яъни чуқурлиги 5000-6000 метр бўлган қудуқлар қазилади. Лойиҳанинг қиймати уч хил сценарий асосида ҳисобланади. Бу геологик қидирув ишлари натижасида топилган захираларга боғлиқ бўлади. Қиймат бир миллиард доллардан кам бўлмаслиги тахмин қилинмоқда”, – дейди «Ўзбекнефтгаз» акциядорлик жамияти бошқаруви раиси Баҳодиржон Сиддиқов.
SOCAR шартнома доирасида углевород заҳираларини топиш ва уларни қазиб олишда энг сўнгги технологиялардан фойдаланади ва бу жараёнда экологик хавфсизликни таъминлаш бўйича мажбуриятларни зиммасига олади. Халқаро бозорда катта тажрибага эга мазкур компания Озарбойжонда қўлланаётган экологик стандартларни Ўзбекистонга олиб келишни, қазилма ишлари давомида тоза технологияларни жорий қилишни режалаштирмоқда.
“Экологик хавфсизлик, декарбонизация ва иқлим ўзгаришига қарши курашиш фаолиятимизнинг асосий йўналишларидан бири ҳисобланади. Шу нуқтайи назардан, биз 2050 йилгача “нол эмиссия” мақсадини қабул қилганмиз. Геология, қуйи, ўрта ва юқори босқичдаги барча фаолиятларимиз экологик хавфсизлик талабларига мувофиқ тарзда олиб борилади. Ўзбекистондаги лойиҳалар ҳам ҳамкорларимиз билан биргаликда энг қатъий экологик меъёрлар ва қоидалар асосида амалга оширилади.














