Тошкентда пиёдалар йўлнинг белгиланмаган қисмидан ўтмаслиги учун кўча ўртасига темир панжаралар ўрнатилмоқда. Бунинг учун ҳозиргача қарийб 8,4 млрд сўм ажратилди. Хўш, шаҳар аҳолиси ва мутахассислар бунга нима дейди? Қаршилар ҳам, қўлловчилар ҳам бор, лекин кўпчилик бир фикрда якдил: Тошкентга светофор билан жиҳозланган пиёдалар ўтиш жойлари етишмайди.
Тошкент шаҳар ҳокими Шавкат Умрзоқов 21 июл кунги қарори билан, йўллар ўртасига темир панжаралар ўрнатиш учун яна 6,9 млрд сўм маблағ ажратди.
Қарорда бу панжаралар айнан қайси туманларда, қайси кўчаларда ёки қанча масофада ўрнатилиши ва бошқа тафсилотлар келтирилмаган.
Пойтахт раҳбари аввалроқ, 20 май кунги қарорида ҳам йўллар ўртасига темир панжаралар ўрнатиш учун қарийб 1,5 млрд сўм ажратган эди. Бу маблағ эвазига 10 та туман ҳудудида жами 5,6 км масофада йўллар ўртаси тўсилиши кўзда тутилган. Энг кўп Олмазор туманида 1 км, Яккасаройда 850 м, Чилонзорда 700 м, энг ками Сергелида эса 250 м, Яшнободда 300 м масофада панжара ўрнатилиши кўзда тутилган.
Шунингдек, 20 май кунги қарорда шаҳар бўйлаб 42 та жойда қавариқ (йўл сатҳидан бўртиб чиққан) пиёдалар ўтиш жойларини ташкил этиш учун 588 млн сўм ажратилган.

Ҳужжатларда кўрсатилишича, темир панжаралар ва қавариқ “зебра”лардан мақсад – пиёдалар иштирокидаги автоҳалокатларнинг олдини олиш. Аммо, қавариқ пиёдалар ўтиш жойларидан фарқли равишда, темир панжаралар масаласида фикрлар хилма-хиллиги анча кўпроқ кўзга ташланмоқда.
Kun.uz бу борада аҳоли вакиллари ва мутахассислар фикрига қулоқ тутди.
Шаҳар кўчаларида ўтказилган ижтимоий сўровда, респондентларнинг айримлари кўчалар ўртасига темир панжаралар қўйилишини қўллаб-қувватлади. Улар шу билан пиёдалар хавфсиз, ҳайдовчилар ҳам хотиржам бўлишини айтмоқда. Лекин қарши фикрлар салмоғи кўпроқдек. Хусусан, кўплаб ватандошлар пиёдалар ўтиш жойларини кўпайтириш керак деб ҳисоблайди.
“Ҳамма жойни панжара қилиш керакмас, ора-орасини одамлар ўтиши учун очиб қўйиш керак-да. Кўп жойларда айланиб келиш жуда узоқ йўл босишни талаб қилади. Ипподром йўлини кўрсангиз, одамлар панжарадан ҳам ошиб ўтади”,








