Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш ва тирбандликни камайтириш бўйича видеоселекторда қаерда ҳоким ва ЙҲХХ биргаликда йўл инфратузилмаси билан жиддий шуғулланса, ўша ерда ўзгариш кузатилаётгани қайд этилди.

Мисол учун, Чустдан ўтган Д-105 Фарғона ҳалқа йўлининг 6 километрига муҳофаза тўсиқлари ўрнатилгани учун бу йил ўлим билан боғлиқ авария бўлмади (илгари бу йўлда йилига 10 нафар одам вафот этарди).

Президент топшириғига кўра, халқаро ва давлат аҳамиятидаги йўллар ҳолати ўрганилди.

1 минг 557 километр йўлларда бетон ва темир тўсиқлар, 967 километр тротуар, 38 мингта йўл белгиси етишмаслиги аниқланди.

Шу муносабат билан президент йўл инфратузилмасини яхшилаш орқали аварияларни камайтириш бўйича «Хавфсиз йўл» миллий дастури бошланишини эълон қилди.

«Хавфсиз йўл» миллий дастури доирасида «Хавфсиз йўл ва хавфсиз пиёда» республика жамғармаси фаолияти қайта ташкил қилиниб, ҳукумат бўйсунувига ўтказилади.

Ҳар бир вилоятда жамғарманинг алоҳида филиаллари бўлади.

Бу йил жамғармага барча манбалар ҳисобидан 400 миллиард сўм тушиши прогноз қилинган.

Бунга қўшимча, фото-видео радардан бюджетга тушадиган жариманинг 25 фоизи ҳам жамғарма ва унинг филиалларига йўналтирилади.

ЙҲХХ тизимидаги йўл белгилари ва светофор ўрнатиш, йўл чизиқларини чизишга масъул корхоналар ҳам вилоятга ўтказилади.

Жамғарма фаолияти шаффоф бўлиши, унга вилоят ЙҲХБ ва йўл бошқармаси бошлиқлари, жамоатчилик вакиллари кириши қайд этилган.

Бундан буён ушбу жамғарма маблағлари биринчи галда авария ўчоқлари бўлган хавфли участкаларни тартибга солишга йўналтирилади (йўлни ажратувчи тўсиқлар, йўл белгилари, ёритгичлар ўрнатиш, пиёда йўлаклари ташкил қилиш, чорраҳаларни рақамлаштириш).

Энг муаммоли участкаларни аҳоли ва жамоатчилик фикрини ўрганиш асосида аниқлаш мақсадида алоҳида электрон портални ишга тушириш топширилди.

Туман ҳокимлари, ички ишлар раҳбарлари ушбу порталга қаерга белги, чизиқ, пиёда йўлаги ва светофор кераклиги ҳақидаги маълумотни смета билан очиқ жойлаштиради.

Аҳоли ҳам ушбу рўйхатни тўлдириши, лойиҳаларга овоз бериши мумкин бўлади. Порталга қилинган ишларнинг видео ва фотосуратлари қўйилади, буни аҳоли баҳолайди.