Бугунги футбол мухлиси аввалгилардан анча фарқ қилади. Биз бу даврда фақат майдонда футбол томоша қилишдан ташқари, турли таҳлилий мақолаларни ўқиймиз, нафақат тактика, балки турли молиявий жиҳатларни ҳам кузатиб борамиз, футбол хўжалиги ҳақида етарлича тушунчаларга эгамиз. Айниқса, трансферлар ойнаси очиқ бўлган пайтда айнан шу қисм олд планга чиқади, «молиявий фэйр-плей», PSR ёки «маошлар лимити» каби ибораларга кўз тушади. Гўёки, бошқа дунёни четдан кузатаётгандек тасаввур уйғонади – бу бутунлай бошқача футбол, бошқача муносабатлар.

Бундай қоидалар фақат клублар ўртасидаги рақобатни таъминлаш, бой ва камбағаллар ўртасидаги масофани катталаштирмаслик учунгина эмаслигини билсак-чи? Ўзимиз гувоҳ бўлган яқин тарихда ҳам футболни овунчоққа айлантирмоқчи бўлган миллиардерларни кўрдик, оқибатда бутун бошли клублар жабр кўрди ҳам.

УЕФА ва лигалар қатъий шаклда даромадлар ва харажатларни назорат қилиши, ўзига хос мувозанатни таъминлаш учун изланиши остида айнан мана шу омил ҳам ётибди – футбол доим янгиланиб турадиган шароитларга мослашувчан бўлишини таъминлаш, унинг доим яшаб қолиш хусусиятини қувватлаш. Мана шу ерда моҳиятан Ўзбекистон футболига боғлиқ жиҳатлар ҳам ўртага чиқади, бизнинг ҳам мақсадимиз шу экан, велосипед ихтиро қилишдан нима наф, қачондир ўша ўлчовлар томош юриш, ҳеч бўлмаса мақсад сифатида белгилаш тўғри эмасми?

Чекловлар нима учун керак?

Европадаги молиявий чекловлар юқорида айтилганидек, асосан футболдаги харажатлар ва даромадлар мувозанатини назорат қилади: ҳар қандай клубнинг харажатлари унинг айнан футбол соҳасидан келаётган даромадларидан кескин фарқ қилмаслиги керак. Сабаби тушунарли, бу клубнинг айнан футбол шартларидаги барқарорлигини таъминлайди, четдан оқимларсиз ҳам яшаб қолиш хусусиятини пайдо қилади.

Савол туғилади. Хўп, Роман Абрамович каби бир миллиардер чиқиб, ўз клубига ўз пулларини сарфлаб, уни кучайтирса, нимаси ёмон? Гап шундаки, четдан қўшимча пуллар кириб келиши клуб харажатларини ҳам оширади. Айтайлик, янги футболчилар жалб қилингач, шартномалар қиймати ҳам ошади. Бундай харажатлар доимий бўлгач, албатта, доим четдан пул тортишнинг иложи бўлмай қолиши мумкин. Даромадлар эса энди сунъий равишда ўсган харажатларни қоплай олмайди. Уёғи банкротлик сари бир қадам, биз битта муваффақиятли «Челси» лойиҳасига қараб, муваффақиятсиз «Малага», «Порсмут» каби лойиҳаларни унутиб қўямиз гоҳида.

Ижтимоий ва хўжалик футболи

Футбол ўйини пайдо бўлишидан бошлаб унинг тараққиёти бир бутун ўлароқ давом этган бўлса-да, иқтисодий томондан бир-бири билан кесишмайдиган икки параллел йўналишда яшаган. Буни шунчаки, футбол клубларининг пайдо бўлиш тарихига қараб ҳам англаш мумкин. Айтайлик, ғарбдаги клубларни олсангиз, бирини талабалар ташкил қилган, иккинчисини бирор завод ишчилари, ёки бирор мулкдор – яъни клубнинг хўжалик юритиши, харажатлар учун пул топиши илк қадамлардаёқ табиий эҳтиёж бўлган.