8 август куни Полша миллий тикланиш режаси сайтида Евроиттифоқдан субсидия олган компаниялар рўйхати эълон қилинди. Onet нашрининг ёзишича, тармоқ фойдаланувчилари ажратилган маблағларнинг бир қисми кўчма қаҳва қурилмалари сотиб олиш, сув устида уй қуриш, корпоратив яхталар, мебел алмаштириш ва сауналар учун сарфланганига эътибор қаратишган. 

Маблағлар мақсадсиз сарфланиши борасидаги айбловларга Полша президенти муносабат билдирди.  

"Бугун муҳим кун. Биз Полшада маблағлар қандай тақсимланганига аниқлик киритдик. Менга 10,5 млн полшаликнинг пуллари сауналар, солярийлар ва қаҳва қурилмаларига сарфлаш учун берилишининг кераги йўқ. Менга поляк оилалари учун маблағ керак", - деди президент Карол Навроцкий. 

Полша ЕИ реконструкция ва тикланиш жамғармасидан қарийб 60 млрд евро олишга даъвогар эди. Бу маблағлар COVID-19 пандемиясидан сўнг ЕИга аъзо мамлакатлар иқтисодиётини қўллаб-қувватлашга йўналтирилганди.

Маблағларни олиш учун ҳар бир мамлакат пуллар нималарга сарфланиши тўғрисида батафсил маълумот берилган миллий тикланиш режасини тақдим этиши лозим. 

Варшава ҳудудий прокуратураси ушбу ҳолатлар бўйича дастлабки суриштирув ишларини бошлади. 

Еврокомиссия вакили Мацей Берестецкий RMF FM радиосига берган интервюсида "Полша грантлар ажратилиши билан боғлиқ вазиятга аниқлик киритиш учун чоралар кўриши шартлиги"ни таъкидлади.