Ижтимоий тармоқларда Тошкент вилояти Қибрай тумани Ботаника маҳалласи ҳудудидаги дарахтлар кесилаётгани акс этган видеолар тарқалди.
Унда бензопила кўтарган ишчи маҳаллий аҳоли вакилининг қаршилик кўрсатишига қарамай, масъуллар назорати остида кўп қаватли турар жойлар атрофидаги ёш ва соғлом дарахтларни таг-туги билан кесиб ташлаётганини кўриш мумкин.
Кесилган дарахтлар орасида мевали дарахтлар ҳам бор.
Қибрай тумани ҳокимлигининг мазкур ҳолат юзасидан муносабатида дарахтлар «ҳудудни ободонлаштириш мақсадида» туман экологлари билан биргаликда кесилгани айтилган.
Маълум бўлишича, мазкур маҳалла жорий йил «Ташаббусли бюджет» лойиҳасининг 1-мавсумида қаровсиз ҳолатдаги жами майдони 34 сотих ер майдонини ободонлаштириш ва кўкаламзорлашириш ҳамда маҳалла ёшлари учун умумий майдони 800 квадрат метрни ташкил этадиган сунъий қопламали ёпиқ футбол майдонини қуриш лойиҳасини ютиб олган.
«Лойиҳа доирасида 1,5 млрд сўм маблағ эвазига замонавий, ёпиқ футбол майдонини қуриш ва туман ҳокимлиги ташаббуси билан ҳудуд атрофини янада кўкаламзорлаштириш ҳамда сайр қилиш йўлакларни ташкил этиш мақсадида мазкур қаровсиз боғдаги қуриган ва парваришлаш имкони мавжуд бўлмаган 3 туп гилос ва 3 туп ўрик дарахтлари ҳамда 1 дона сирен бутаси (мораторий жорий қилинмаган) жами 7 дона дарахт Ҳукуматнинг 464-сонли қарорининг 1-илова, 1-боб, 2-бандида келтириб ўтилган талаблар асосида, туман Экология ва атроф-муҳитни ҳимоя қилиш бўлими масъуллари иштирокида тегишли тартибда (видеода қонун талаблари бузилганлиги иддао қилинган) кесилган», – дейилади ҳокимлик муносабатида.

Расмий муносабатда ҳудудда «Яшил боғ» ташкил этиш, аҳолининг мароқли дам олиши учун қулай ва экологик тоза ҳудуд яратиш мақсадида барпо этилиши режалаштирилаётган мазкур лойиҳада аҳоли вакилларининг таклиф ва тавсиялари ҳам инобатга олингани айтилади.
Ҳокимлик фуқароларга «асоссиз ва ёлғон маълумот тарқатиш учун жавобгарлик борлиги»ни эслатган.




















