Жаҳон | 14:21 / 13.08.2025
1932
2 дақиқада ўқилади

Россияда ўқитувчиларга мигрант болаларнинг «жиноятларга мойиллигини» аниқлаш учун уларни кузатиш тавсия этилди

Услубий қўлланмада бундай мойилликни кўрсатадиган белгилар санаб ўтилган - масалан, маданий шок, тил тўсиғи, ёмон ўзлаштириш, оиланинг қашшоқлиги ва ёмон маиший шароитлар.

Фото: Комсомольская правда / PhotoXPress.ru

Россия Таълим вазирлиги мактаб ўқитувчилари учун «жиноят ва ҳуқуқбузарлик содир этишга мойил бўлган вояга етмаган чет эл фуқаролари билан ишлашни ташкил этиш бўйича» услубий тавсиялар чиқарди. Ҳужжат Свердловск вилояти ва бошқа айрим ҳудудлар Халқ таълими вазирлиги сайтида эълон қилинган.

Педагогларга чет эллик болаларнинг жиноят ва ҳуқуқбузарликларга мойиллигини аниқлаш учун уларнинг фикрларини кузатиб бориш тавсия этилади. Услубий қўлланмада бундай мойилликни кўрсатадиган белгилар санаб ўтилган - масалан, маданий шок, тил тўсиғи, ёмон ўзлаштириш, оиланинг қашшоқлиги ва ёмон маиший шароитлар.

Ўқитувчиларга ўқувчиларнинг «тарихий хотирага, анъанавий рус қадриятларига, давлат рамзларига беписандлик билан муносабатда бўлиш ёки очиқдан-очиқ инкор этишидан далолат берувчи фикрларига, шу жумладан ёзма ишларга эътибор қаратиш тавсия этилади.

Шунингдек, педагоглар «сиёсий, ижтимоий, диний мавзулардаги суҳбатлар сонининг кескин кўпайишига, улар давомида кескин фикрлар билдирилиб, миллий, диний ва сиёсий тоқатсизлик белгилари намоён бўлишига», шунингдек, «ўсмирда диний радикализм, экстремизм, жиноий субмаданият атрибутлари ва рамзлари бўлган, келиб чиқиш мамлакатига мансублигини яққол таъкидлайдиган ва бошқа миллат ва конфессия вакилларини ҳақорат қиладиган кийим ва буюмларнинг мавжудлигига» эътибор қаратиши керак.

Деструктив хулқ-атворнинг олдини олиш учун «Россия маънавий-ахлоқий қадриятлари билан таништиришга, Россия қонунчилиги асосларини, анъанавий оилавий қадриятларни, жамиятда ўзини тутиш маданиятини ўрганишга қаратилган умумий характердаги тадбирларни» ўтказиш тавсия этилади. Методикада, шунингдек, ота-оналар билан ишлаш ва «идоралараро ҳамкорлик», шу жумладан ижтимоий хизматлар, хавфсизлик кучлари, тиббиёт муассасалари ва мигрантлар билан ишлайдиган нодавлат ташкилотлар билан ҳамкорлик қилиш бўйича маслаҳатлар мавжуд.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид