Трамп Путинни Алясканинг энг йирик шаҳри – 300 мингга яқин аҳоли истиқомат қилувчи Анкориждаги Элмендорф-Ричардсон ҳарбий базасида қабул қилади.

Россия президенти ёрдамчиси Юрий Ушаков бир кун аввал музокаралар маҳаллий вақт билан 15 август куни 11:30 да (Тошкент вақти билан 16 августга ўтар кечаси) бошланиши режалаштирилганини айтганди: дастлаб Путин ва Трамп юзма-юз учрашади, кейин эса делегациялар иштирокида «бешга беш» формуласи бўйича учрашув ўтказилади.

Россия делегацияси таркибидан Ушаков, ташқи ишлар вазири Сергей Лавров, мудофаа вазири Андрей Белоусов, молия вазири Антон Силуанов ҳамда президентнинг махсус вакили Кирилл Дмитриев ўрин олган.

Истанбулдаги учрашувларда Россия делегациясига раҳбарлик қилган Владимир Мединский эса музокарачилар орасида йўқ.

Америка делегацияси таркиби ҳам маълум: Трамп билан Аляскага қуйидагилар йўл олади: давлат котиби Марко Рубио, махсус вакил Стивен Уиткофф, савдо вазири Ҳовард Лютник, Марказий разведка бошқармаси директори Жон Рэтклифф ҳамда молия вазири Скотт Бессент.

Трамп ва Путин учрашув бошланишидан олдин журналистлар қаршисида кўриниш бериши, кейин эса музокаралар якунлари бўйича қўшма конференция ўтказиши кутилмоқда.

Фото: Hasan Akbas/Anadolu via Getty Images

Қандай таклифлар бўлиши мумкин?

2021 йилдан бери биринчи марта АҚШ-Россия олий даражадаги саммитини ўтказиш тўғрисидаги келишув ўтган ҳафта АҚШ президентининг махсус вакили Стив Уиткоффнинг Владимир Путин билан учрашуви натижаси бўлди.

Уиткофф Москвага 6 августда учиб келган, 8 августда эса АҚШ президенти июл ойи охирида эълон қилган ултиматум муддати тугаши керак эди. Ўшанда Трамп Путин билан бир қатор самарасиз телефон суҳбатларидан сўнг Россия етакчисидан ҳафсаласи пир бўлганини ва унга ҳақиқатан ҳам тинчлик истаётганини кўрсатиш учун 10 кун вақт беришини айтганди.

Акс ҳолда, Трамп АҚШ Россияга қарши янги санкциялар жорий этиши, шунингдек, унинг савдо ҳамкорларига қарши «жуда оғир тарифлар» қўллаши билан таҳдид қилди.

Бироқ Уиткоффнинг Путин билан учрашувидан кейин Трампнинг риторикаси яна юмшади. У Москвадаги музокараларни «жуда самарали» деб атади ва ўзининг махсус вакили «сезиларли ютуқларга эришгани»ни айтди.