Жаҳон | 08:35 / 16.08.2025
10661
2 дақиқада ўқилади

«Энди ҳаммаси Зеленскийга боғлиқ» - Трамп яна «бир ёки иккита» муҳим масала қолганини айтди

«Лекин ўйлашимча, уларга эришиш мумкин», деди АҚШ президенти Россия раҳбари Владимир Путин билан учрашувдан кейин.

Фото: РИА Новости

Америка президенти Доналд Трамп Аляскадаги саммит якунлари бўйича яна бир ёки иккита муҳим масала кўриб чиқилиши кераклигини айтди. Бу ҳақда у Fox News телеканалига берган интервьюсида айтиб ўтди.

«Ва биз кўплаб масалалар бўйича келишувга эришдик. Айтмоқчиманки, кўплаб бандлар келишиб олинди. Улар унчалик кўп эмас. Биласизми, бир-иккита жуда муҳим бандлар бор. Лекин ўйлашимча, уларга эришиш мумкин», деди Трамп.

Бироқ гап айнан қандай масалалар ҳақида кетаётганига аниқлик киритмади. Унинг сўзларига кўра, «энди ҳамма нарса Украина президенти Володимир Зеленскийга боғлиқ».

Трамп Аляскадаги Элмендорф-Ричардсон ҳарбий базасида бўлиб ўтган Россия делегацияси билан уч соатлик саммитдан сўнг интервью берди. Fox News телеканали билан суҳбатда президент бўлиб ўтган учрашувни 10 баллдан 10 баллга баҳолади.

Музокаралардан сўнг ўтказилган матбуот анжуманида Трамп томонлар кўплаб масалалар бўйича келишувга эришганини, бироқ саммит якунлари бўйича келишувга эришилмаганини айтди. Россия президенти Владимир Путин музокараларни ижобий баҳолади ва Украинадаги можарони имкон қадар тезроқ якунлаш ниятида эканини маълум қилди.

Саммитда Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров, президент ёрдамчиси Юрий Ушаков, давлат котиби Марко Рубио ва махсус вакил Стив Уиткофф ҳам иштирок этди.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид