Президент Шавкат Мирзиёев 18 август куни Тошкент шаҳрида қуриб битказилган Олимпия шаҳарчасига ташриф буюрди.
Шаҳарчанинг қурилишига 2022 йил 9 ноябрда тамал тоши қўйилган эди. Ўшанда давлат раҳбари Олимпия шаҳарчаси халқимизнинг юксак бунёдкорлик салоҳияти ва ўзбек спортининг оламшумул ютуқлари рамзига айланиши, меъморий жиҳатдан мукаммал, энергия тежамкор ва энг илғор инновацион ечимларни мужассам қилган замонавий мажмуа бўлишини таъкидлаганди.
Қисқа вақт ичида 100 гектардан зиёд майдонда муҳташам мажмуа қад ростлади. Қарийб 290 миллион долларлик лойиҳа “CAMC Engineering” компанияси томонидан халқаро талабларга мувофиқ амалга оширилди.


Шаҳарчада 5 та асосий спорт мажмуаси жойлашган.
Хусусан, велодром мураккаб муҳандислик ечимлари асосида, ўзига хос дизайнда қурилган. Унинг ёғоч қопламаси сифати, траекторияси ва бурилиш бурчаклари Халқаро олимпия қўмитаси талабларига жавоб беради. Жумладан, йўлак энг мустаҳкам дарахтлардан ясалган, қаватма-қават ётқизилган. Бу сифат мунтазам сақланиши учун велодромда йил давомида бир хил ҳарорат таъминланади. Ҳатто велоспортчиларга ҳаво қаршилигигача инобатга олинган.
Трекка ёруғлик бир хил ва тенг даражада тушади. Бу спортчиларга қулайлик бўлиши билан бирга, томоша ва телевизион трансляция меъёрларига ҳам мос. Ўриндиқлар 2 минг 200 кишига мўлжалланган. Халқаро Олимпия қўмитасининг янги талаби бўйича томоша жойларига ҳимоя тўсиғи ўрнатилган.

Шунингдек, мажмуа кўп функцияли бўлиб, бу ерда стол тенниси, қиличбозлик бўйича мусобақа ва машғулотлар ўтказиш ҳам мумкин. Бундай даражадаги велодром Ўзбекистонда биринчиси.
Мутасаддиларга ҳудудларда шароит яратиб, велоспортни ривожлантириш бўйича дастур тайёрлаш вазифаси қўйилди.

Шавкат Мирзиёев стол тенниси ҳаммабоп, арзон ва қулай спорт эканини таъкидлаб, ҳар бир мактаб ва маҳаллада уни оммалаштириш, анжомларини ишлаб чиқариш юзасидан кўрсатмалар берилди.

















