Украина президенти ва Европа етакчилари Вашингтонга йўл олмоқда. Хўш, Трамп яна Украинага босим ўтказадими? АҚШ президентининг мақсади нима ўзи? Kun.uz'нинг “Геосиёсат” дастури таҳлилчилари урушнинг тақдири ҳақидаги кутилмалари билан ўртоқлашди.

Шуҳрат Расул: Украина ва Европа коалицияси ҳеч қачон ҳудудий ён беришларга рози бўлмайди. Буни президент Зеленский ўзи ҳам бир неча бор очиқ айтган. Агар Зеленский бундай қарорга борса, икки соат ичида Майданга юз минглаб одамлар чиқиб, уни “сотқин” деб атайди ва истеъфога чиқаради.

Украина – президент-парламент республикаси бўлгани учун парламентнинг ваколатлари президентники билан тенг. Шунинг учун агар у бундай қарор қабул қилса, парламентдаги кучлар уни чеклаб қўйиши, ҳатто унга қарши жиноий чоралар кўрилиши ҳам эҳтимолдан холи эмас.

Трамп учун ким ғалаба қозониши умуман аҳамиятсиз. Трампнинг мақсади ўзини тинчлик ўрнатган арбоб сифатида кўрсатиб: “Мана, уруш тугади, энди менга Нобел мукофоти беринг” дейиш. Россия фақат Донбассни эгаллайдими ёки Днепргача бўлган ҳудудларними – унга умуман фарқи йўқ.

Асосий масала шуки, Трамп 18 август куни учрашувда Зеленскийга босим ўтказишга ҳаракат қилади. Худди бир неча ой олдин бўлганидек. Трампга на Украина манфаатлари, на Россия, ҳатто Америка манфаатлари ҳам қизиқ эмас. Трамп учун ҳозир фақат ўз манфаатлари муҳим. Шу сабабдан у: “Донбасс масаласида келишув тузайлик, Путиннинг шартларига кўн”, деб босим ўтказиши мумкин. Лекин Зеленский буни қабул қилмайди, чунки бу унинг сиёсий ўзини ўзи йўқ қилиши демакдир. У яхши биладики, бундай қарор уни нафақат халқ олдида, балки орқасидаги кучли сиёсий доиралар олдида ҳам қудратсиз қилади.

Бундан ташқари, Европа Иттифоқи ва бошқа иттифоқчилар ҳам Зеленскийни қўллаб-қувватлашда давом этмоқда. Яқинда улар: “Биз сиз биланмиз, сизни ёлғиз қолдирмаймиз”, деган қатъий баёнотлар берди. Бу эса Зеленскийга қўшимча таянч ва ишонч бермоқда. Шу боис у Путиннинг ёки Трампнинг босимларига таслим бўлиш эҳтимоли жуда паст.

Анвар Йўлдошев: Эртага бўладиган учрашувда, эҳтимол, Трамп Зеленскийга жиддий тазйиқ ўтказади. Унга шундай дейди: “Сен Путиннинг талабларига рози бўл. Шунда биз сенга хавфсизлик кафолати берамиз. Биз кафолатни тақдим этамиз, шуни қабул қиласан”, деб мажбурлашга уриниш эҳтимоли бор. Зеленский эса бундай таклифга рози бўлишни истамаслиги аниқ. Шундай вазият яна ўзаро жанжал ва кескинликка олиб келиши мумкин.