Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Россия, Тожикистон ва Афғонистондан олиб кирилган қарийб 80 кг наркотик аниқланди
ДХХ Чегара қўшинлари ва ҳудудлардаги ҳуқуқ-тартибот идоралари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор-қидирув тадбирларида кўп миқдордаги гиёҳвандлик моддалар ноқонуний муомаласининг олди олинди.
Фото: Видеодан кадр
Давлат хавфсизлик хизматининг (ДХХ) Чегара қўшинлари ва Сурхондарё вилояти бўйича бошқармаси ҳамда вилоят ички ишлар бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида Узун туманида ўтказилган тезкор тадбирда, 2005 ва 2006 йилларда туғилган 2 нафар маҳаллий фуқаро 20 кг 374 г опий ва 41 кг 668 г гашиш гиёҳвандлик воситаларини Тожикистондан контрабанда йўли билан олиб кирган вақтида ушланди.
Шундан сўнг, тезкор тадбир давом эттирилиб, уларнинг жиноий шериги бўлган, Узун туманида яшовчи, 2004 йилда туғилган шахс ҳамда «ажал оғуси»нинг буюртмачиси ҳисобланган, Денов туманида истиқомат қилувчи, 2000 йилда туғилган фуқаро ҳам процессуал тартибда ушланган.
Чегара қўшинлари ҳарбий хизматчилари ва ДХХ Тошкент вилояти бўйича бошқармаси ҳамда вилоят божхона бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда Қозоғистондан халқаро ўтказиш пункти орқали кирган фарғоналик фуқарога тегишли юклар текширилган. Шунда мармар қуйма тош ичига яширилган 7 кг 902 г мефедрон синтетик гиёҳвандлик воситаси борлиги маълум бўлган. Терговга қадар текширув давомида, наркокурьер моддий манфаатдорлик эвазига ушбу гиёҳвандлик воситасини Россиянинг Москва шаҳридан Ўзбекистондаги буюртмачига етказиб бериши кераклиги аниқланган.
Тезкор тадбир давом эттирилиб, Бекобод туманида истиқомат қилувчи, 1985 йилда туғилган фуқаро Ўрта Чирчиқ туманида «ажал оғуси»ни қабул қилиб олган вақтида ушланган.
ДХХ Фарғона ва Сурхондарё вилоятлари бўйича бошқармалари ходимлари томонидан амалга оширилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида афғонистонлик наркосавдогарлардан гиёҳвандлик воситаларини олиб, Фарғона вилоятида сотиш билан шуғулланган шахслар фаолиятига чек қўйилди.
Хусусан, Қўқон шаҳрида яшовчи, 1964 йилда туғилган аёл ва унинг 1993 йилда туғилган, муқаддам гиёҳвандлик воситалари савдоси билан боғлиқ жинояти учун судланган ўғли қўлга олинди. Уларнинг ёнида Афғонистондан контрабанда йўли билан келтирилган 5 кг 878 г опий ва 3 кг 922 г гашиш моддалари борлиги аниқланди.
Ўтказилган тезкор тадбирлар давомида хориждан келтирилган жами 79 кг 744 г гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланмасига чек қўйилди.
Мазкур шахсларнинг барчасига нисбатан Жиноят Кодексининг 246- ва 273-моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланган.
Мавзуга оид
08:59 / 20.12.2025
Самарқанд ва Сурхондарёда йирик миқдордаги гиёҳвандлик воситалари олиб киришга уриниш тўхтатилди
13:46 / 19.12.2025
Германия 535 нафар афғонистонликни қабул қилади
14:51 / 18.12.2025
Афғонистон етакчи: Ўзбекистонга тижорат мақсадида келганлар сони кескин ошди
14:40 / 18.12.2025