Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.

Нетаняҳу музокараларни дарҳол бошлашга буйруқ берди

Исроил бош вазири Бенямин Нетаняҳу пайшанба куни Исроил Ғазода ушлаб турилган барча гаровдагиларни озод қилиш ва қарийб икки йилдан бери давом этаётган урушни тугатиш бўйича музокараларни дарҳол қайта бошлашини айтди. Бу Нетаняҳунинг Ҳамас қабул қилган вақтинчалик сулҳ таклифига биринчи муносабати бўлди.

Исроил-Ғазо чегараси яқинида аскарларга мурожаат қиларкан, Нетаняҳу ўзининг Ҳамасни тор-мор қилиш ва секторнинг юраги бўлган — Ғазо шаҳрини қўлга киритиш режасига қатъий бел боғлаганини айтди.

«Шу билан бир вақтда мен барча гаровдагиларимизни озод қилиш ва урушни тугатиш бўйича музокараларни дарҳол бошлашга буйруқ бердим. Албатта, бу Исроил учун мақбул шартларда бўлади», деди Нетаняҳу. Унинг қўшимча қилишича, Исроил ҳозир қарор қабул қилиш босқичида.

Исроил кучлари аллақачон ҳужумларни кучайтирган, сўнгги 10 кун ичида танклар Ғазо шаҳрига яқинлашгани сайин минглаб фаластинликлар уйларини тарк этишга мажбур бўлган.

Ҳамас эса ҳафтанинг бошида Қатар ва Миср воситачилигида ишлаб чиқилган сулҳ таклифига розилик берганини айтганди. Агар Исроил буни қабул қилса, ҳужумнинг олди олиниши мумкин.

Ҳозирги таклифга кўра, 60 кунлик сулҳ ва Ғазода Ҳамас қўлида бўлган 10 нафар тирик асир ҳамда 18 жасад озод қилиниши кўзда тутилмоқда. Бунинг эвазига Исроил тахминан 200 фаластинлик маҳбусни қўйиб юборади. Вақтинчалик сулҳ бошлангач, Ҳамас ва Исроил қолган асирларни қайтариш ҳамда доимий сулҳ бўйича музокараларни бошлаши режалаштирилган.

Сиёсий шарҳловчи Марвон Бишара Нетаняҳунинг «Ғазо шаҳрига ҳужум авжида бўлганида сулҳ музокараларини қайта бошлаш ҳақидаги эълони»ни — «ўт остида музокара» деб атади. «Энди барча шартларни Исроил белгилаяпти. У ҳеч кимни тингламаяпти. Вашингтондан тўлиқ ‘яшил чироқʼ олган», деди у.

Тонгдан бери Ғазо бўйлаб Исроил ҳужумларида камида 48 фаластинлик ҳалок бўлди. Улардан 16 нафари GHF ёрдам тарқатиш нуқталарида отиб ташланган охирги қурбонлар эди. Шу билан бирга, сўнгги 24 соат ичида Ғазода яна икки киши очликдан ҳалок бўлди, деб хабар қилди Ғазо соғлиқни сақлаш вазирлиги. Бу эса уруш бошланганидан бери Исроил сабабли очликдан ўлган фаластинликлар сонини 271 нафарга етказди. Улардан 112 нафари болалар.